Тошкент шаҳрида икки автобус иштирокида йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлди. Бу ҳақда "Тошшаҳартрансхизмат" матбуот хизмати хабар берди.
25 сентябрь куни соат 06:45 ларда, "12-автобус саройи" филиали тасарруфидаги 117-сонли йўналишда ҳаракатланувчи, ҳайдовчиси А.Й. бошқарувидаги Yutong автобуси Янгиҳаёт тумани Хонабод кўчасидан Қурувчилар кўчасига бурилаётганда, "1-автобус саройи" филиали тасарруфидаги 55-сонли йўналиш, ҳайдовчиси Ш. Ш. бошқарувидаги автобус билан тўқнашув содир этган.
Маълумотга кўра, ушбу йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида тан жароҳати олганлар йўқ, автобуслар техник шикастланган.
Содир этилган йўл-транспорт ҳодисаси юзасидан "Тошшаҳартрансхизмат" Ҳаракат хавфсизлигини назорат қилиш бўлими томонидан хизмат текшируви ўтказилиши белгиланган. Ушбу йўл-транспорт ҳодисаси Тошкент шаҳри ИИББ ЙҲХБ инспекторлари томонидан ўрнатилган тартибда расмийлаштирилган.