Свердловск вилоятидаги бола ҳуқуқлари бўйича вакил Игор Мороков мигрант оилалардан келган ўқувчиларни ногирон болалар тоифасига тенглаштириш кераклигини айтди. Бу ҳақда "zamon.uz" ёзмоқда.
Шу тариқа Мороков Россия мактабларида таҳсил олаётган, аммо рус тилини билмайдиган ўқувчиларнинг мавжудлиги билан боғлиқ муаммога "ечим" таклиф қилди. Омбудсман бу ўқувчилар сони кам бўлган синфларни ташкил этиш ва ўқитувчиларга қўшимча ҳақ тўлаш имконини беришини айтди.
"Бугунги кунда бизда алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган болалар тоифаси мавжуд. Булар имконияти чекланган болалар, ногирон болалар ҳисобланади. Менимча, бу болаларни яъни мигрант болаларини ҳам шу тоифага киритиш лозим", - деди у.
Бу мигрантларнинг фарзандларини алоҳида, кичикроқ синфларда тилни чуқурроқ ўрганиш билан ўқитиш имконини бериши таъкидланди. Мороков Екатеринбургда “бу тоифадаги ўқувчилар сони анча кўп бўлган” иккита мактаб борлигини айтиб, 149-сонли мактабни мисол қилиб келтирди. У ўқувчиларнинг 90 фоизи “мигрант болалар” эканини таъкидлади.