АсосийJamiyat

106 ёшли оқсоқол уйда овоз беришни истамай, сайлов участкасига ўзи борди

4 декабрь куни ўтказилган президент сайловида ёши юздан ошган кекса отахон ва онахонлар ҳам фаол қатнашди, деб хабар берди “Тengrinews.kz”  нашри.

Сурхондарё вилоятида 120 ортиқ кекса отахон ва онахонлар яшайди. Улардан бири Бадал бобо Хуррамов Музрабод туманининг “Сополлитепа” маҳалласида истиқомат қилади. Бобо 51 йил давомида деҳқончилик қилиб, трактор ҳайдади, Музрабод туманининг гуллаб-яшнаши, ривожланишига ўз ҳиссасини қўшди.

Рафиқаси Норхол момо билан 9 фарзандни вояга етказди. Ҳозирда уларнинг 50 нафар невараси ва 10 нафар чевараси бор. Ўзбекистоннинг биринчи президенти Ислом Каримов 2011 йилнинг 25 август куни Бадал бобони “Шуҳрат” ордени билан мукофотлади.

Бадаб бобо 106 ёшга кирганига қарамай, ҳали тетик, хотираси ҳам жойида. “Мен жуда кўп сайловларни кўрганман, – дейди Бадал бобо. – Илгарилари истайсанми, истмайсанми фақатгина биргина номзодга овоз берилар эди. Энди у замонлар ўтиб кетди. Номзодликка қўйилган тўрт кишининг таржимаи ҳоли, сайлов олди дастурлари халққа таништирилди, энди халқ кимни президентликка лойиқ кўрса, ўша одамга овоз беради. Ҳақиқий сайлов шундай бўлиши керак. Сайлов участкаларида сайловчиларга ҳам яхши шароит яратилган. Сайлов комиссияси аъзолари менга таклифнома олиб келишганда, “Бобо, сиз овора бўлиб сайлов участкасига бориб юрманг, уйингизга сайлов қутисини ўзимиз олиб келамиз”, дейишди, тўғрисини айтсам, бу гап мени бироз хафа қилди. Уларга “Худога шукур, ҳали куч-қувватдан қолганим йўқ, сайлов участкасига бориб овоз бераман дедим”.

Бадал бобо эрта тонгдан сайлов участкасига келиб, овоз берди. “Мен ёшлигимда қийинчилик кўриб вояга етган бўлсамда, кексайганимда иззат-ҳурматга сазовор бўлдим. Ўзимни бардам, тетик ҳис қиляпман, буларнинг барчасига мамлакатимиздаги тинчлик-осойишталик, кексаларга нисбатан бўлган ғамхўрлик сабабдир. Осмонимиз тинч, юртимиз фаровон бўлсин! Мен айнан шунинг учун овоз бердим”, деб қўшимча қилди Бадал бобо.

Бошқа янгиликлар