Тошкент вилояти Янгийўл шаҳридаги кўп қаватли турар-жой биноси қурилиши тўхтатилди. Бунга ишлар сифатсиз бажарилгани сабаб бўлди.
Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида назорат қилиш инспекцияси хабарига кўра, Камолот кўчасидаги объект "Саидазим ота" МЧЖ томонидан қурилаётган бўлган.
8 қаватли, 48 хонадонга мўлжалланган бинонинг қурилиш-монтаж ишлари қурилиш талабларига зид равишда бажарилган. Ажратма деворларда ғишт теришда белгиланган кўрсаткичларга амал қилинмаган.
Ғишт териш жараёнларида қурилиш сеткаларидан фойдаланилмаган. Бу эса объектда техник ва ички назорат ишламаганини кўрсатади, дейилади инспекция хабарида.
Аниқланган камчиликлар бўйича масъулларга кўрсатмалар берилган ва улар маъмурий жаримага тортилиши белгиланган. Бино техник текширувдан ўтказилгангунга қадар қурилиш ишлари тўхтатилди.
"Қурилиш ишларини сифатсиз бажариб, ўзингиз ва ўзгаларнинг ҳаётини хавф остига қўйманг. Бундай бинолар бир кун эмас, бир кун фалокатли ҳолатларга олиб келиши мумкин", — деб таъкидланган хабарда.