АсосийJamiyat

Ўзбекистонда 30 кун муддатга бериладиган ягона туризм визалари жорий этилади

Ўзбекистон Республикасининг туризм соҳасини жадал ривожлантиришни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармони имзоланди.

Хорижий фуқароларнинг Ўзбекистон Республикасига ташрифи учун қулай шарт-шароитлар яратиш ва виза тартиб-таомилларини соддалаштириш мақсадида 2017 йил 1 апрелдан бошлаб туризм мақсадида Ўзбекистон Республикасига 30 кундан ортиқ бўлмаган муддатга келувчи Австралия, Австрия, Буюк Британия, Германия, Дания, Испания, Италия, Канада, Люксембург, Нидерландия, Корея Республикаси, Сингапур, Финляндия, Швейцария ва Япония фуқаролари учун, 55 ёшга тўлган ва туризм мақсадида 30 кундан ортиқ бўлмаган муддатга Ўзбекистон Республикасига келувчи Бельгия Қироллиги, Индонезия, ХХР (туристлар гуруҳлари таркибида), Малайзия, АҚШ, Франция, Вьетнам, Исроил, Польша, Венгрия, Португалия ва Чехиянинг фуқаролари учун виза режими бекор қилинади. 

2017 йил 1 апрелдан бошлаб ушбу бандда кўрсатиб ўтилган хорижий фуқаролар Ўзбекистон Республикасига киришда 50 АҚШ доллари миқдорида Давлат бюджетига ўтказиладиган кириш йиғими тўлашлари белгиланди. Кириш йиғими тўланганлигини тасдиқлайдиган ҳужжат мамлакатга кириш учун асос ҳисобланади. 

Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги Молия вазирлиги, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Марказий банк билан биргаликда 2017 йил 1 мартгача бўлган муддатда хорижий фуқаролар томонидан кириш йиғими тўланиши тартибини тасдиқлаш учун Вазирлар Маҳкамасига киритади. 

Ҳужжатда 2017 йил 1 январгача бўлган муддатда Вазирлар Маҳкамасига тасдиқлаш учун барча мамлакатлар учун 30 кун муддатга бериладиган ягона туризм визаларини жорий этиш, халқаро аэропортларда ва Ўзбекистон Республикасининг Давлат чегараси орқали ўтказиш пунктларида визаларни олиш, шу жумладан транзит визаларни олиш тартибини сезиларли равишда соддалаштириш тартиби бўйича таклифлар киритилиши белгиланди.

Шунингдек, мазкур визаларни расмийлаштириш ва бериш жараёнида замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланишни кенгайтириш, 2018 йилдан бошлаб электрон визалар тизимини жорий этиш бўйича аниқ таклифлар Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги Молия вазирлиги, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Марказий банк билан биргаликда киритилиши юклатилди.

Бошқа янгиликлар