"Театрларнинг жамият маданий ҳаётидаги аҳамиятини ошириш ва улар фаолиятини янада қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарори (ПҚ-399-сон) қабул қилинди, дея хабар бермоқда Адлия вазирлиги.
Қарорга кўра, драматурглар учун Маҳмудхўжа Беҳбудий номидаги мукофот ҳамда ёш режиссёрлар учун Баҳодир Йўлдошев номидаги мукофот таъсис этилади.
Бунда мукофотлар бўйича танловлар ҳар икки йилда ўтказилиб, уларнинг ғолиблари МҲТЭКМнинг 50 баробари миқдорида пул мукофоти билан тақдирланади.
Режиссёр – драматург – композитор – рассом тамойили асосида ижодий ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилган 2025 йилдан ҳар йили август ойида “Нигоҳ” ижодий лойиҳаси амалга оширилади.
Миллий академик мусиқа санъатини ривожлантириш ва оммалаштириш мақсадида ҳар 2 йилда миллий композиторлар танлови ўтказиб борилади.
Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон давлат академик катта театри ҳузурида Театр режиссёрлари академияси ташкил этилади.
Жаҳон драматургияси намуналаридан таржима қилинган асарлар бўйича ҳар йили “Энг яхши таржима саҳна асарлари” танлови жорий этилади.
2025 йилдан ҳар 2 йилда тарихий ва замонавий мавзулар бўйича “Энг яхши пьесалар” танлови ташкил этилади.
Ўзбекистон театр жамоаларининг миллий рейтинги тузилади.