Фарғона вилоятида 125,4 миллиард сўмлик сунъий қўшилган қиймат солиғи (ҚҚС) орқали ноқонуний кешбэк олишга қаратилган фирибгарлик схемаси аниқланди. Бу ҳақда вилоят Солиқ бошқармаси хабар берди.
Маълум қилинишича, Солиқ бошқармаси томонидан ўтказилган тезкор таҳлиллар давомида йирик қонунбузилиш ҳолати фош этилган. Аниқланишича, фуқаро Т.З. раҳбарлигида Фарғона шаҳрида “Э.Ф.Ф.” ҳамда “Ф.Э.О.З.” масъулияти чекланган жамиятлари ташкил этилган.
Жорий йил май ойида мазкур корхоналар Сурхондарё вилоятининг Термиз шаҳрида рўйхатдан ўтган “Т.Б.С.Э.” МЧЖдан гўёки жами 1,2 триллион сўмлик ун ва сариёғ маҳсулотлари сотиб олгани ҳақида электрон ҳисобварақ-фактуралар расмийлаштирган.
Солиқ органлари томонидан корхоналарнинг ҚҚС ҳисоботлари ҳамда уларнинг юридик манзилидаги омборлар ўрганилганда, Фарғонадаги корхоналарга аслида ҳеч қандай маҳсулот етказиб берилмагани, шунингдек, товарлар учун бирор сўм ҳам тўлов амалга оширилмагани маълум бўлган.
Солиқ бошқармасига кўра, ушбу ҳаракатлар орқали Термиз шаҳридаги корхона Фарғонадаги икки МЧЖ фойдасига 125,4 миллиард сўм миқдорида сунъий ҚҚС ҳосил қилишга уринган.
Шундан сўнг “Э.Ф.Ф.” ва “Ф.Э.О.З.” МЧЖларнинг ҚҚС гувоҳномаси вақтинча тўхтатилган. Корхоналарнинг аниқлаштирилган ҚҚС ҳисоботлари қабул қилиниб, 125,4 миллиард сўмлик сунъий ҚҚС ҳисобдан чиқарилган.
Дастлабки маълумотларга кўра, мазкур схема ижтимоий тармоқлар орқали сохта фискал чекларни сотиш ва улар асосида ноқонуний кешбэк маблағларини олиш имкониятини яратиш мақсадида ташкил этилган.






