Маълум қилинишича, Транспорт назорати инспекциясининг Автомобиль транспортида назорат қилиш Навоий вилояти ҳудудий бўлими инспекторлари хизмат вазифасини бажараётган вақтда Кармана туманидаги “Самарқанд” ЙПХ масканида FAW русумли юк автомобилини текшириш учун тўхтатган.
Текширув давомида транспорт воситасида Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 125¹-моддаси 4-қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарлик аломатлари мавжудлиги аниқланган.
Шундан сўнг инспектор томонидан маъмурий баённома расмийлаштирилаётган вақтда ҳайдовчи Ж.Б. баённома тузилмаслиги эвазига инспекторга 1 миллион сўм миқдорида пора таклиф қилган.
Инспектор ҳайдовчини бундай ҳаракатлар жиноий жавобгарликка сабаб бўлиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирган. Бироқ ҳайдовчи ўзининг ноқонуний ҳаракатларини давом эттириб, инспекторнинг хизмат вазифасини бажаришига тўсқинлик қилган.
Шундан кейин инспектор мазкур ҳолат ҳақида Транспорт назорати инспекцияси раҳбарияти, коррупцияга қарши курашиш бўйича масъул ходим, шунингдек, Навоий вилояти ИИБ ҳамда Транспорт прокуратурасига хабар берган.
Ўтказилган тезкор тадбир давомида ҳайдовчи таклиф қилинган 1 миллион сўмнинг 700 минг сўмини инспекторга пора сифатида бераётган вақтида прокуратура ва ички ишлар органлари тезкор ходимлари томонидан, холислар иштирокида ашёвий далиллар билан ушланган.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари асосида жиноят иши қўзғатилган бўлиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.






