Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида давлатимиз мадҳияси қабул қилинганининг 32 йиллигига бағишланган тадбир бўлиб ўтди.
Тадбир “Маърифат карвони” илмий-маърифий тарғибот тадбирлари доирасида “Юракни мадҳ этган садо!” шиори остида ўтказилди.
Дастлаб Мудофаа вазирлиги мусиқали оркестри ва хор гуруҳи, тадбирга йиғилган барча қатнашчилар ижросида Ўзбекистон миллий мадҳияси янгради.
Мазкур тадбирда Республика Маънавият ва маърифат маркази директори Отабек Ҳасанов ва Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директори Фирдавс Абдухолиқов, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Гулбаҳор Эрқулова, Ўзбекистондаги ислом цивилизацияси маркази илмий котиби Рустам Жабборов, Сиёсий фанлар доктори, профессор Нарзулла Жўраев, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, шоир Бобур Бобомурод нутқ сўзлашди.
Давлат мадҳияси ҳар бир мамлакатнинг мустақиллиги, куч-қудрати, тарихий қадриятлари ва маънавий дунёсини акс эттиради. Бундан ўттиз уч икки муқаддам миллатимизнинг бош қўшиғи, мадҳиямиз қабул қилинган эди. Шундан бери давлат мадҳияси Ватанимиз озодлиги, фаровонлигининг ифодаси сифатида янграб келмоқда. Бу бетакрор таронани тинглаганда беихтиёр қалбимизда энг жўшқин туйғулар жўш уради, – деди Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директори Фирдавс Абдухолиқов. – Мадҳиямизнинг ҳар бир сатри мустақил Ватанимизнинг маълум бир қиррасини намоён этади. Унда она диёримизнинг гўзал табиати, халқимизнинг азалий қадриятлари, қадимий ва бой тарихимиз, бугунги кун ва буюк келажагимиз тараннум этилади. Зотан, ҳар биримиз бу қўшиқни дилда сақлашимиз, меҳр ва муҳаббат ила куйлашимиз, авайлаб-асрашимиз зарур.
Тадбирда сўзга чиққан Сиёсий фанлар доктори, профессор Нарзулла Жўраев Ўзбекистон республикаси давлат мадҳияси тарихи, унинг қабул қилиниши жараёни ҳақидаги хотираларни эсга олди.
Бугун Ўзбекистондаги ислом цивилизацияси ҳайъати томонидан хорижий мамлакатларда турли медиа-ивентлар ўтказилмоқда. Ўзбекистоннинг хориждаги маданий мероси намуналарини ҳар томонлама ўрганяпмиз. Яқинда Буюк Британиянинг Оксфорд шаҳрида буюк алломаларимиз яратиб қолдирган қўлёзмалар билан танишдик. Қизиғи, Англияда астрономия фани ривожланишига, Лондондаги Гринвич обсерваториясининг бунёд этилишига ҳам айнан буюк бобомиз Мирзо Улуғбек яратган "Зижи Кўрагоний" жадвали, Улуғбек расадхонасида ишлатилган асбоб-ускуналар ҳам катта рол ўйнаган. Бугун мадҳиямиз ҳақида сўз юритганда, "аждодлар мардона руҳи сенга ёр" мисраси ана шу ҳолатни эслатди. Биз қаерга борсак ҳам буюк аждодларимиз руҳи, уларнинг хотираси биз билан эканини тушуниб етдим, – дейди Ўзбекистондаги ислом цивилизацияси маркази илмий котиби Рустам Жабборов.
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Гулбаҳор Эрқулова ижросидаги "Ҳар тонгда янграйди мадҳиям" қўшиғига барча иштирокчилар жўр бўлишди.
"Маърифат карвони” лойиҳаси бўйича тадбирлар мамлакатимиз бўйлаб давом этмоқда.