АсосийJamiyat

Президент Шавкат Мирзиёев чиқарилаётган қонунларнинг ислоҳотларга таъсири сезилмаётганлигини қайд этди

Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 24 йиллиги билан сўзлаган нутқида Конституциямизда белгиланган қонун устуворлиги принципи жамиятимизда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, барча ислоҳотларни самарали амалга оширишнинг муҳим кафолати эканлигини айтиб ўтди.

“Ўтган даврда қабул қилинган 400 га яқин яхлит қонунлар ҳаётимизнинг барча соҳаларини ҳуқуқий тартибга солиш билан бирга, фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлашга хизмат қилмоқда.

Айни вақтда қонунларнинг тўлиқлиги, ҳаётийлиги ва тўғридан-тўғри амалга ошириш механизмларига эга экани ҳақида сўз юритганда, бу борада ҳали кўп иш қилишимиз кераклигини таъкидлаш зарур”, дея таъкидлади Шавкат Мирзиёев.

Бундан ташқари Президент ҳозирги кунда қонунларнинг ислоҳотлар самарасига таъсири етарлича сезилмаётгани, уларнинг ижтимоий муносабатларни бевосита тартибга солишдаги роли паст эканлигини ҳам афсус билан айтиб ўтди.

“Бу ҳолат мамлакатимиз қонунчилик тизимига фуқароларимиз, тадбиркорлар, қолаверса, чет эл инвесторларининг ишончсизлигини келтириб чиқариши мумкинлигини унутмаслигимиз керак.

Аминманки, ҳурматли Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенат аъзолари бу масалага жиддий эътибор қаратадилар.

Бу борадаги ишларни ташкил этишда авваламбор қонун лойиҳаларини пухта ва ижтимоий муносабатларни тўғридан-тўғри тартибга соладиган даражада ишлаб чиқиш, айниқса, идоравий ҳужжатларни кескин қисқартириш зарур, деб ҳисоблайман.

Шу ўринда Ҳукуматнинг парламент билан қонун ижодкорлиги ва назорат-таҳлил соҳасидаги ҳамкорлигини янада самарали ташкил қилиш мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг Олий Мажлисда доимий асосда фаолият кўрсатадиган вакили лавозимини таъсис этиш мақсадга мувофиқ бўлади.

Ҳаммамиз яхши тушунамизки, қонунларни қабул қилиш – бу ишнинг бир қисми, холос.

Асосий масала – қонунларнинг мазмун-моҳиятини халқимизга ва масъул ижрочиларга ўз вақтида етказиш, уларнинг ижросини тўғри ташкил этиш ҳамда қонун талабларига қатъий амал қилишни таъминлашдан иборатдир.

Афсуски, мазкур йўналишдаги ишлар талаб даражасида эмас. Бунинг оқибатида охирги уч йилда давлат органларининг 157 та қарори ўз кучини йўқотган қонунлар асосида чиқарилган.

Энди ўйлаб кўрайлик, қонунчиликка киритилаётган янгиликлар ўз вақтида жойларга, айниқса, ижрочиларга етказилмайдиган бўлса, уларнинг бажарилиши ҳақида нима дейиш мумкин?

Бу муаммони самарали ҳал қилишнинг бирдан-бир йўли – қонунлар ижросини ташкил этиш бўйича соатдек аниқ ишлайдиган механизм яратишдир.”

Шунингдек, Шавкат Мирзиёев қонунларнинг мазмун-моҳиятини халқимизга етказишда Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги ва бошқа оммавий ахборот воситаларида битта-иккита мақола ёки кўрсатув билан чекланиш мумкин эмаслигини, қабул қилинган қонунларни атрофлича муҳокама қилиш, юртдошларимизнинг уларга муносабатини ифода этадиган таҳлилий материаллар, кўрсатув ва эшиттиришлар, афсуски, жуда камлигини ҳам айтиб ўтди.

“Янги қабул қилинган қонунлар, фармон ва қарорларнинг асосий маъносини аҳолига етказиш бўйича самарали механизм яратиш керак.

Ҳозирги кунда Адлия вазирлигининг бу борадаги фаолиятини талаб даражасида деб бўлмайди. Шу муносабат билан ушбу вазирлик ва унинг жойлардаги бўлинмалари фаолиятини танқидий кўриб чиқиш зарур.

Адлия вазирлиги мутасадди идоралар билан биргаликда бир ой муддатда қонунларнинг маъно-мазмунини жойларга етказиш, уларни кенг тарғиб қилишга қаратилган аниқ таклифларни ишлаб чиқиши лозим.

Иккинчидан, қонун устуворлигини таъминлашда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш, фуқароларни қонунга ҳурмат руҳида тарбиялаш муҳим аҳамият касб этади.

Айнан шу нуқтаи назардан қараганда, 20 йил аввал бу борада қабул қилинган Миллий дастурни янгидан ишлаб чиқишни даврнинг ўзи тақозо этмоқда.

Парламентимиз жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш бўйича янги Миллий дастурни яратишда бош-қош бўлиши мақсадга мувофиқ, деб ҳисоблайман”, дея бу борадаги фикрини муҳтасар қилди.

Бошқа янгиликлар