АсосийJamiyat

Тошкентда 2017-2018 йилларда қиймати 84 миллиард сўм, узунлиги 32,2 километрдан зиёд бўлган “Кичик ҳалқа йўли” барпо этилади

Тошкентда 2017-2018 йилларда республика йўл жамғармаси ҳисобидан умумий қиймати 84 миллиард сўм, узунлиги 32,2 километрдан зиёд бўлган “Кичик ҳалқа йўли” барпо этилиши, реконструкция қилиниши ва таъмирланиши белгиланган.

Бу ҳақда Ўзбекистон Республикасининг сайланган Президенти Шавкат Мирзиеёв Тошкент шаҳри сайловчилари вакиллари билан учрашувдаги нутқида айтиб ўтганди.

Шавкат Мирзиёев ўз нутқида йўл ва йўл ўтказгичлар тармоқларини ривожлантириш масалаларига тўхталар экан, яқин беш йилда давлат бюджети ва республика йўл жамғармаси маблағлари ҳисобидан умумий қиймати 916 миллиард сўм бўлган 12 та янги кўприк қурилиши, умумий фойдаланишдаги 68 километрдан ортиқ йўл қурилади ва реконструкция қилинишини қайд этган.

Ҳозирги вақтда республика йўл жамғармаси ҳисобидан Юнусобод ва Мирзо Улуғбек туманларида Бўзсув канали орқали 400 метр узунликдаги ва 6 та полосали, умумий қиймати 38 миллиард сўм бўлган кўприк қурилиши бошлаб юборилди ва у келгуси йили фойдаланишга топширилади.

Чилонзор туманида Бунёдкор ва Муқимий кўчалари кесишган жойда умумий қиймати 42 миллиард сўм бўлган транспорт боғламасини давлат бюджети ҳисобидан барпо этиш бошланади. Бу иншоот кўприк, пиёдалар ўтиш жойи ва олти полосали замонавий автомагистрални ўз ичига олади.

Сирғали туманида 2017 йилда республика йўл жамғармаси ҳисобидан умумий қиймати 79 миллиард сўм, узунлиги 10 километр бўлган 6 полосали Қипчоқ кўчаси реконструкция қилинади. Бу кўча бўйлаб темир йўл устидан янги кўприк барпо этилиши ҳам кўзда тутилмоқда. Бундан ташқари, 2017 йилда республика йўл жамғармаси ҳисобидан умумий қиймати 42 миллиард сўм, узунлиги 5 километр бўлган 6 полосали лойиҳавий  янги кўча барпо этилади.

Бошқа янгиликлар