Угандада "Динга Динга" вирусининг эпидемияси авж олган. Бунинг аниқ сабаби номаълум бўлса-да, соғлиқни сақлаш мутахассислари ушбу эпидемияни текширишга қаттиқ эътибор қаратмоқда. Буюк Британиянинг Daily mail нашри шу ҳақда хабар қилган.
Хабарларга кўра, сирли касаллик туфайли беморлар ўз ҳаракатларини назорат қила олмай, худди рақс тушганга ўхшаб қалтирай бошлайди. Натижада бемор юришга ва бошқа ҳаракатларни бажаришга қийналади. Маҳаллий аҳоли “Динга Динга” деб атайдиган бу хасталик Уганданинг Бундибугё туманида тез тарқалмоқда ва шифокорларни ҳайратда қолдирмоқда.
Соғлиқни сақлаш ходимларининг сўзларига кўра, бу хасталик билан ҳозиргача 300 бемор, асосан аёллар ва қизлар оғриган.
Туман соғлиқни сақлаш ходими Доктор Кийита Кристофер, маҳаллий оммавий ахборот воситаларига берган интервьюсида айтишича, Бундибугё минтақасидан ташқарида ҳозирча ҳеч қандай юқиш ҳолати қайд этилмаган. Олинган намуналар таҳлил қилиш учун соғлиқни сақлаш вазирлигига жўнатилган.
Шифокор, шунингдек, касаллик натижасида ўлим ҳолатлари қайд этилмагани ва касалликни одатда антибиотиклар билан даволаш мумкинлигига ишонтирди.
Кўпгина беморлар ўзларини даволаш учун турли гиёҳлардан фойдаланишяпти. Бироқ доктор бу усулга қарши чиққан.
"Гиёҳлар бу касалликни даволай олиши ҳақида ҳеч қандай илмий далил йўқ. Ҳозир махсус даволаш усулларидан фойдаланяпмиз ва беморлар одатда бир ҳафта ичида тузалиб кетишяпти”, деган доктор.