Чикаго чеккасидаги Виннетка қишлоғида жойлашган “Уйда ёлғиз” филмида бош қаҳрамон Кевин Маккаллистернинг оиласи яшаган икки қаватли уй Янги йил байрами арафасида сотиб юборилди. Бу ҳақда “The Independent" нашри хабар берди.
Қайд этилишича, қарийб 850 метр квадрат майдонга эга икки қаватли ғиштли уй жорий йил май ойида 5,25 миллион долларга баҳоланган. Уй рўйхатга олинган Coldwell Banker Realty веб-сайтида "сотиш кутилмоқда" деб ёзилган, яъни сотувчи мулк бўйича таклифни қабул қилган.
Маккаллистерлар уйи 1990 йилдаги фильм муваффақиятидан кейин иккинчи марта сотувга қўйилган. 2012 йилда уй 1,58 миллион долларга сотилган. Харидор топилишига бир йил вақт кетган.
Кейин янги эгалар уйни қайта таъмирлаган. Бош қаҳрамон чанада тушган иккинчи қаватдаги асосий зинапоя ҳам реконструкция қилинган.
Кўчмас мулк иккита меҳмонхона, бешта ётоқхона ва олтита ювиниш хонасидан иборат. Шунингдек, бу ерда катта қишки боғ, кинозал ва баскетбол ўйнаш учун спорт майдончаси ҳам мавжуд.
Кевин образини гавдалантирган Маколей Калкин АҚШ ОАВларидан бирига берган интервьюсида мазкур уйни шахсан ўзи сотиб олмоқчи эканлигини айтган, бироқ кейинчалик актёр бу фикридан қайтган.