ФВВ қутқарувчилари томонидан 10 метрлик чуқурликка тушиб кетган фуқаро қутқарилди, дея хабар қилди ФВВ матбуот хизмати.
Маълум бўлишича, куни кеча, 5 январь куни соат 13:58 да Тошкент шаҳар, Яшнаобод тумани, Бойқўрғон маҳалласи Султонали Машхадий кўчасидаги уйларнинг бирида фуқаро ўз эҳтиётсизлиги оқибатида ҳожатхона учун қазилган 10 метрлик чуқурликка тушиб кетганлиги тўғрисида ФВБга хабар тушган.
ФВВ қутқарувчилари зудлик билан айтилган манзилга етиб бориб, қутқарув анжомлари ёрдамида фуқарони чуқурликдан чиқариб олган ва биринчи ёрдам кўрсатган. Шундан сўнг фуқарога малакали тиббий ёрдам кўрсатиш учун тез тиббий ёрдам ходимларига топширилган. Фуқаро енгил тан жароҳати олган бўлиб, ҳозирда шифокорлар назорати остида. Унинг аҳволи яхши.