Ўзбекистонда айрим турдаги тамаки маҳсулотларининг, тамакини ҳамда никотинни истеъмол қилиш мосламаларининг, шу жумладан, электрон сигареталарни ишлаб чиқариш, тайёрлаш, ўтказиш мақсадида уларни сақлаш, ташиш ёки ўтказиш тақиқланиши мумкин. Бу ҳақда Олий Мажлис муҳокамасига киритилган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига баъзи турдаги тамаки маҳсулотларининг тамакини ҳамда никотинни истеъмол қилиш мосламаларининг, шу жумладан электрон сигареталарнинг муомаласини тақиқлаш ҳамда жавобгарлик белгилашга қаратилган ўзгартиришлар ва қўшимча киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасида келтирилган.
Қонун лойиҳаси ташаббускорларига кўра, сўнгги йилларда тамаки ва никотин маҳсулотларининг “замонавий” ва “инновацион” турлари, хусусан, никотинни етказиб бериш мосламалари, электрон сигареталар ва улар учун суюқликлар ҳамда қиздириладиган тамаки маҳсулотларининг республикага қонунга хилоф равишда олиб кириш ҳолатлари ва айланмаси ортиб бормоқда. Бундан ташқари, ушбу маҳсулотларни аҳоли, айниқса, ёшлар орасида истеъмол қилиш ҳолатлари кўпайган.
Ушбу қонун лойиҳаси билан электрон сигареталарни Ўзбекистон ҳудудига олиб кириш ёки олиб чиқишга нисбатан таъсирчан чора сифатида маъмурий ва жиноий жавобгарлик белгиланишини назарда тутилган.