АсосийЖИНОЯТ

Мактаб директори лавозими 10 минг долларга баҳоланди

Наманганда таълим тизимидаги коррупциявий ҳолатларга чек қўйилди.

'Мактаб директори лавозими 10 минг долларга баҳоланди'ning rasmi

Наманган вилоятида таълим тизимидаги коррупция билан боғлиқ бир нечта ҳолат фош этилди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати маълум қилди.

Қайд этилишича, Давлат хавфсизлик хизмати ҳамда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирлар давомида мактаб ва мактабгача таълим тизимидаги қонунбузарликларга барҳам берилган.

Жумладан, Наманган вилояти Мактабгача ва мактаб таълими бошқармасининг бўлим бошлиғи Тўрақўрғон туманида яшовчи фуқарони Наманган шаҳридаги умумтаълим мактабларидан бирига директор лавозимига ишга жойлаштириб қўйиш эвазига 10 минг АҚШ доллари талаб қилган.

У сўралган пул маблағининг 8,5 минг АҚШ долларини ўз хизмат хонасида олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Терговга қадар текширув давомида мазкур мансабдор шахс муқаддам Жиноят кодексининг фирибгарлик, ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш, мансаб сохтакорлиги, пора олиш ҳамда ҳужжатлар билан боғлиқ жиноятлар учун судлангани, шунга қарамасдан яна ноқонуний ҳаракатларга қўл ургани аниқланган.

Яна бир ҳолатда Наманган шаҳридаги мактабгача таълим ташкилоти ходими давлат-хусусий шериклик асосида икки та мактабгача таълим муассасаси ташкил этмоқчи бўлган тадбиркорга тегишли шартномаларни тасдиқлатиб беришни ваъда қилиб, 2 минг АҚШ доллари олган вақтида ушланган.

Тезкор тадбир давомида ушбу пул маблағини олган Давлатобод тумани Мактабгача ва мактаб таълими бўлими бош мутахассисининг ҳам ноқонуний ҳаракатларига чек қўйилган.

Ҳозирда ҳар икки ҳолат юзасидан жиноят ишлари қўзғатилган бўлиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

    Бошқа янгиликлар