АсосийЖамият

Тошкент аэропортида Ўзбекистондан хорижга АҚШ доллари олиб чиқиб кетишга бўлган уринишлар ортди

Хорижий валюталарни олиб чиқиб кетиш ҳолатлари Нью-Йорк, Истанбул, Пекин ва Бишкекка учиб кетаётган йўловчилар орасида аниқланган.

'Тошкент аэропортида Ўзбекистондан хорижга АҚШ доллари олиб чиқиб кетишга бўлган уринишлар ортди'ning rasmi

Сўнгги кунларда пойтахт аэропортида нақд хорижий валюталарни яширинча олиб чиқишга бўлган уринишлар ортди. Божхоначилар салкам 110 минг АҚШ доллари миқдоридаги нақд хорижий валюталарнинг ноқонуний олиб чиқилишига чек қўйишди. Бу ҳавда Божхона қўмитаси матбуот хизмати хабар қилмоқда. 

Жумладан, Нью-Йоркка парвози олдидан йўловчилардан бири қўл сумкасидаги 42 200 АҚШ доллари ҳақида божхона ходимларига на оғзаки, на ёзма тарзда маълум қилишни “унутиб” қўйибди.

Истанбулга учиб кетаётган 2 нафар йўловчилардан бирининг 19 900 АҚШ долларини, иккинчисининг эса 18 200 АҚШ долларини қўл сумкаларида “бамайлихотир” олиб чиқишга уринишлари наф бермади. 

Янги йилнинг илк кунида эса Пекинга сафарга отланган хорижий фуқаро йўловчи божхона декларациясида ва божхона ходимларининг оғзаки сўрови пайтида маълум қилмасдан туриб, 12 200 АҚШ долларини олиб чиқаётган вақтида тўхтатиб қолинди. 

Шунингдек, божхона ходимлари Бишкекка учиб кетаётган йўловчининг 4450 АҚШ долларини ва Нью-Йоркка учиб кетаётган йўловчининг 11 810 АҚШ долаларини ноқонуний олиб чиқишга бўлган уринишини бартараф этишди.

Ҳозирда мазкур ҳолатлар юзасидан божхона текширувлари давом эттирилмоқда.

Рақамларга кўра, республикамиз божхоначилари ўтган 2024 йилда 37,5 млрд сўм  эквивалентидаги валюта қимматликларининг божхона чегаралари орқали ноқонуний олиб ўтилишига чек қўйишди.

Эслатиб ўтамиз, амалдаги қонунчиликка кўра жисмоний шахслар фақатгина эквиваленти 100 млн сўмга тенг ёки ундан ошмайдиган миқдордаги нақд валюта маблағларини Ўзбекистон Республикасидан божхона назорати қоидаларига риоя этган ҳолда чекловларсиз олиб чиқишлари мумкин.

    Бошқа янгиликлар