Ўзбекистонда тиббиёт ходимлари меҳнат самарадорлигини баҳолаш кўрсаткичларини ишлаб чиқиб, самарадорликка эришган ходимларга устама тўлаш режалаштирилмоқда. Бу – 2025 йилги давлат дастури лойиҳасида белгиланган, дея хабар қилди ССВ матбуот хизмати.
Шунингдек, лойиҳада тиббиёт ва фармацевтика ходимлари фаолиятини давлат рўйхатидан ўтказиш ҳам кўзда тутилмоқда. Буни босқичма-босқич жорий этиш бўйича ҳужжат лойиҳаси ишлаб чиқилади.
Жорий йилда шифокор қабулига навбатни тўлиқ электрон шаклга ўтказиш, бирламчи бўғиндаги стоматология хизматини аутсорсинг асосида хусусий секторга бериш режа қилинган.
2025 йил 1 ноябрга қадар тиббий суғурта механизмлари жорий қилинаётган ҳудудларда рецепт асосида бериладиган дори воситаларини электрон рецепт тизими асосида тайинлаш амалиёти йўлга қўйилиши мумкин.
Вилоят даражасидаги ихтисослаштирилган тиббиёт муассасалари бошқарув, молия ва ташкилий жиҳатдан замонавий кўп тармоқли клиникалар шаклида қайта ташкил этилади.