АсосийЖамият

Кўп қаватли уйлар яқинидаги ерларни бетонлаштирганлик учун жавобгарлик кучайтирилиши мумкин

Бу давлат дастури лойиҳасида қайд этилган.

'Кўп қаватли уйлар яқинидаги ерларни бетонлаштирганлик учун жавобгарлик кучайтирилиши мумкин'ning rasmi

Ўзбекистонда 2025 йил 1 июлдан бошлаб кўп қаватли уйлар массивларидаги тупроқ ва яшил қопламали умумий фойдаланишдаги ҳудудларни ўзбошимчалик билан бетонлаштирганлик, қурилма ва конструкцияларни ўрнатганлик учун жавобгарлик чоралари кучайтирилади. Бу 2025 йилга мўлжалланган давлат дастури лойиҳасида назарда тутилган.

Дастурда, шунингдек, тупроқнинг унумдор қатламини сақлаб қолиш ва яшил ҳудудларни асраш мақсадида яна бир қанча таклифлар игари сурилган.

Хусусан, 2025 йил 1 августдан бошлаб пишган ғишт ишлаб чиқаришдан муқобил технологиялардан кенг фойдаланишга ўтиш мақсадида деворбоп материаллардан (пеноблок, газоблок) кенг фойдаланувчи қурилиш ташкилотларига "Шаффоф қурилиш" платформасида устуворлик берилиши режалаштирилган.

2026 йил 1 январдан бошлаб пишган ва хом ғишт ишлаб чиқаришда ер ва ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқ ставкаси 10 бараварга оширилган ҳолда қўлланилиши кўзда тутилган.

2027 йил 1 январдан бошлаб ер ресурсларини муҳофаза қилиш ва тупроқнинг унумдор қатлами йўқолиб кетишининг олдини олиш мақсадида қишлоқ хўжалигига, табиатни муҳофаза қилиш, соғломлаштириш ва рекреация мақсадларига мўлжалланган ерлар, тарихий-маданий аҳамиятга молик ерлар, ўрмон ва сув фонди ерларида тупроқ карьерлари фаолияти тақиқланиши режалаштирилган.

Бундан ташқари, кўп қаватли тураржойларни лойиҳалаш, қуриш ва фойдаланишга қабул қилишда ерусти ва ерости автомобиль тураргоҳлари назарда тутилиши, оқова, ёмғир ва техник сувлардан суғоришда фойдаланиш тизимларини ташкил этиш мажбурий этиб белгиланиши кутилмоқда.

    Бошқа янгиликлар