Ўзбекистон халқ артисти Женисбек Пиязов Тошкент вилоятида 15 дақиқа ичида 4 маротаба радарга тушди. Бу ҳақда у ўзининг Instagram саҳифасида танқидий мурожаат йўллади.
Женисбек Пиязов томонидан йўлланган видео мурожаатда ўзига тегишли бўлган транспорт воситасида Бўстонлиқ туманига олиб борувчи D 012 “Бектемир ш. – Чорбоғ қўрғони” автомобиль йўлида битта мобил комплексли мултирадар орқали унга 4 маротаба жарима белгилангани айтиб ўтилган.
У йўллаган видеомурожаат 1,5 миллиондан ортиқ кўришларга эга бўлди. Видеонинг изоҳлар бўлимида кўпчилик тармоқ фойдаланувчилари ҳолатга танқидий фикрлар билдирган.
Женисбек Пиязов жарималарни тўлашдан қочмаслигини, бироқ бундай тартибдаги жарималарни тўлаш оддий халқ учун жуда оғир эканини айтган.
“Майли, мен тўлайман. Лекин бошқа одамлар қандай тўлайди, ойликка яшайдиганлар бор, шуни ҳам ўйланглар сизлар. Бошқалар дод деб юборса керак. Ўзи қонун-қоида борми сизларда?” деган у.