Шимолий Корея 14 январ, сешанба куни Япон денгизи томон бир нечта қисқа масофали баллистик ракеталарни учирди. Бу ҳақда Жанубий Кореянинг Yonhap ахборот агентлиги мамлакат қуролли кучлари бош штабига таяниб хабар берди.
Бирлашган штаб бошлиқлари қўмитаси маълумотларига кўра, учириш маҳаллий вақт билан тахминан 9:30 да Чаган провинциясининг Канге ҳудудидан қайд этилган. Ракеталар денгизга тушишдан олдин тахминан 250 километр учиб ўтган. Жанубий Корея ҳарбийлари КХДР томонидан учирилган ракеталар сонига аниқлик киритмади.
Сеул учиришни Пхеняннинг навбатдаги провокацияси сифатида баҳоламоқда. "Қисқа масофага учувчи баллистик ракеталарнинг масофасини инобатга олган ҳолда, одатда, уларнинг нишони Жанубий Корея эканлигига ишонилади", — деб ёзади Yonhap.
Бирлашган штаб бошлиқлари учиришни Корея ярим оролида тинчлик ва барқарорликка таҳдид солувчи "ошкора провокация" деб атади ва Пхенян "нотўғри қарор" қабул қилган тақдирда тўлиқ тайёр туришга ваъда берди. Жанубий Корея ҳарбийлари янги учирмаларга тайёргарлик кўриш чоғида "кузатув ва ҳушёрликни кучайтириб, Шимолий Корея ракеталари бўйича Америка ва Япония томонлари билан яқиндан маълумот алмашганини" қўшимча қилди.