АсосийДунё

Хитой ТikTok'ни Илон Маскка сотмоқчи

TikTok'нинг АҚШда 170 миллиондан ортиқ фойдаланувчиси мавжуд.

'Хитой ТikTok'ни Илон Маскка сотмоқчи'ning rasmi

Хитой расмийлари TikTok иловасининг АҚШдаги фаолияти тақиқланиши эҳтимолига қарши чора сифатида унинг АҚШдаги бўлинмасини Илон Маскка сотиш имкониятини кўриб чиқмоқда. Бу ҳақда Bloomberg агентлиги хабар берди.

Маълумотларга кўра, Пекин TikTok'нинг ByteDance компанияси тасарруфида қолишини афзал кўради. Бироқ, АҚШ Олий суди 19 январгача TikTok'нинг фаолиятини тўхтатиш ёки унинг сотилишини талаб қилувчи қонунни қўллаб-қувватлаши мумкин. Бу ҳолатда, Хитой расмийлари Илон Маскнинг X (собиқ Twitter) платформаси орқали TikTok'нинг АҚШдаги фаолиятини назорат қилишни муҳокама қилмоқда. 

TikTok вакили бу хабарларни "ғирт уйдирма гап " деб атади. Шу билан бирга, Дональд Трампнинг президентликка сайлангани муносабати билан, у 20 январда лавозимга киришганидан сўнг, бу масалани сиёсий йўл билан ҳал қилиш учун Олий суддан тақиқни кечиктиришни сўради. 

Таъкидлаш керак, TikTok'нинг АҚШда 170 миллиондан ортиқ фойдаланувчиси мавжуд бўлиб, унинг АҚШдаги бўлинмаси қиймати 40-50 миллиард долларга баҳоланади.

Абдуллоҳ Саййид

    Бошқа янгиликлар