Суриянинг янги ҳукумати мамлакат ҳудудига Россия, Эрон ҳамда Исроилдан маҳсулот олиб киришни тақиқлади. DW нашри Al Arabya’га таяниб хабар беришича, молия вазирлиги мазкур уч давлатдан маҳсулот келтириш ҳолати аниқланса, улар мусодара қилинишини билдирган.
Янги ҳукумат, шу билан бирга, иқтисодиётни қўллаб-қувватлаш учун амалиётларни долларда олиб боришга рухсат берган ва божхона тўловларини 50-60 фоизга камайтирган.
Бож енгилликлари хорижий давлатлардан маҳсулот импортига кенг йўл очиши кутилмоқда. Ҳозирданоқ пойтахт Дамашқдаги дўконларда Туркия, Саудия Арабистонининг озиқ-овқат маҳсулотларидан тортиб халқаро брендлар товарларига қадар сотилмоқда.
Маълумот ўрнида, Исроил маҳсулотларини Сурияга олиб киришга тақиқ анча йиллар аввал жорий этилган. Яъни янги маъмурият эски тақиқни кучда қолдирди, холос.
Муваққат ҳукумат Исроил ва Эрон фуқароларининг Сурия киришини ҳам ман этган. Россия фуқароларига бу тақиқ қўлланмайди.
Ўз навбатида, Россия "янги ҳукумат билан муносабатлардаги мавҳумлик ва тўловдаги кечикишлар сабаб" Сурияга буғдой сотишни тўхтатиб қўйган.
Айни пайтда Россиянинг Сурия ҳудудидаги Хмеймим ва Тартус ҳарбий базалари тақдири ҳам номаълумлигича қолмоқда.
2024 йил 8 декабрь куни "Ҳайъат таҳрир аш-Шом" гуруҳи бошчилигидаги исёнчилар Дамашқни эгаллаб, Башар Асаднинг 24 йиллик ҳукмронлигига чек қўйган эди. Айни пайтда мазкур гуруҳ етакчиси Аҳмад аш-Шаръа Суриянинг амалдаги раҳбари бўлиб қолмоқда.
Ҳозирга қадар Туркия, АҚШ, Германия, Франция ва араб давлатлари расмий делегациялари Дамашққа ташриф буюриб, музокаралар ўтказди. Аммо Россиядан бирорта делегация келганича йўқ. Хабарларга кўра, яқин муддатда Россия президентининг Яқин Шарқ ва Африка бўйича махсус вакили Михаил Богданов Дамашққа ташриф буюриб, янги маъмурият билан учрашади.