Жорий йил 18 январь ҳолатига кўра, спиртли ичимликдан заҳарланиш сабабли вафот этган фуқароларимизнинг умумий сони 17 нафарга етди.
Бош консулхона томонидан қалбаки спиртли маҳсулотларни истеъмол қилиш натижасида вафот этган ватандошларимизнинг жасадларини Ўзбекистонга юбориш учун зарур ҳужжатлар расмийлаштирилмоқда ҳамда оила аъзоларига керакли ёрдам кўрсатилмоқда.
Шу билан бирга, Истанбул ҳудудидаги шифохоналарнинг жонлантириш бўлимларида қалбаки спиртли ичимликдан заҳарланиб даволанаётган фуқароларимиз сони 5 нафарга етди. Консулхона ходимлари ушбу ватандошларимизнинг ҳолидан хабар олиб, уларнинг яқинлари ва шифохона маъмурияти билан доимий алоқада бўлиб турибди.
Бош консулхона дипломатлари мазкур ҳолат юзасидан Истанбул ҳокимлиги, соғлиқни сақлаш бошқармаси, суд-тиббий экспертиза маркази ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари билан мунтазам алоқада бўлиб турибди.
Баъзи ватандошларимиз заҳарланган бўлса-да, уй шароитида даволанишга ҳаракат қилиб, шифохонага бормаган ҳолатлар ҳам аниқланди. Уларга мурожаат қилинганда, шифохонага бориш моддий жиҳатдан қимматга тушиши мумкинлигини айтишди. Бироқ кейинчалик бундай қарорлар буйрак фаолиятининг ишдан чиқиши, кўриш қобилиятининг ёмонлашиши ва нафас олишда муаммолар юзага келишига олиб келмоқда.
Ҳар қандай ҳолатда ҳам заҳарланиш аломатлари сезилганда 112 қисқа рақами орқали тез тиббий ёрдам чақиртирилиши ҳамда шифохонанинг "қизил ҳудуди" ("kırmızı alan") орқали қабул қилиниши лозим. Бу хизмат бепул эканлигини эслатиб ўтамиз.
Бош консулхона барча фуқароларимизни эҳтиёт чоралари кўришга, шахсий хавфсизликка риоя қилишга ва зарур ҳолларда Бош консулхонага мурожаат қилишга чақиради.
Ватандошларимиз билан узлуксиз алоқани таъминлаш мақсадида консулхонанинг қуйидаги мобил алоқа рақами +90 553 541 17 17 (24/7 режимида) ишламоқда, дейилади Ўзбекистон Республикасининг Истанбул шаҳридаги Бош консулхонаси хабарида.