АсосийДунё

Қирғизистон, Ўзбекистон ва Тожикистон бош вазирлари чегарада учрашув ўтказди

Учрашувда "Қирғизистон-Ўзбекистон давлат чегараси тўғрисида"ги битимга ратификация ёрлиқлари алмашилгани қайд этилди.

'Қирғизистон, Ўзбекистон ва Тожикистон бош вазирлари чегарада учрашув ўтказди'ning rasmi

Бугун, 8 январь куни Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Арипов, Қирғизистон Вазирлар Маҳкамаси раиси Одилбек Қосималиев  ва Тожикистон Бош вазири Қоҳир Расулзоданинг уч томонлама учрашуви бўлиб ўтди. Бу ҳақда Қирғизистон Вазирлар Маҳкамаси матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, учрашув уч давлат чегаралари – Қирғизистоннинг Боткен, Ўзбекистоннинг Фарғона ва Тожикистоннинг Сўғд вилояти туташган ҳудудда бўлиб ўтган. Томонлар учрашув давлат раҳбарлари ўртасида аввал эришилган давлат чегаралари бўйича келишувлар доирасида ўтказилганини қайд этган.

Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистон  Бош вазирлари мамлакатлар ўзаро савдо, логистика, сув-энергетика ва маданий-гуманитар алоқаларни ривожлантириш йўналишларида ҳамкорликни кучайтириш салоҳиятига эга эканини таъкидладлаган. Уларнинг фикрича, чегарадош ҳудудлар ва минтақалараро ҳамкорликни ривожлантириш ҳамкорликнинг муҳим таркибий қисми ҳисобланади.

Бундан ташқари, учрашувда Қирғизистон ва Ўзбекистон ўртасидаги давлат чегарасининг делимитация жараёни якунлангани ва “Қирғизистон-Ўзбекистон давлат чегараси тўғрисидаги битим” бўйича ратификация гувоҳномалари алмашилгани қайд этилган.

Қирғизистон ва Тожикистон ўртасидаги давлат чегарасига оид 2024 йил 4 декабрда имзоланган келишувда эса Қирғизистон-Тожикистон давлат чегарасининг ҳали тасдиқланмаган қисмларини белгилаш жараёнини якунлаш муҳимлиги кўрсатиб ўтилган.

    Бошқа янгиликлар