“Янги Ўзбекистон” массивларини қуриш бўйича мутлақо янги тизим йўлга қўйилиши таъкидланди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Энди “Янги Ўзбекистон” массивига берилган ер бўйича лойиҳалашни 2 ойдан, қурилишни бошлашни 3 ойдан оширишга йўл қўйилмайди. Бу талаб бузилса, ер қайтариб олиниб, қайта аукционга чиқарилади.
Лойиҳа экспертизасини ўн беш кундан ўтказиб юборган ташкилотларнинг лицензияси тўхтатиб қўйилади.
Қурилишда “эскроу” тизими жорий қилинмоқда. Бу тизим девелоперларга ҳозиргидан пастроқ ставкада маблағ жалб қилиш имконини беради. Муҳими, девелоперларни молиялаштириш уй қуриш билан бирга бошланади ва давом этади.
Фуқаролар эса қурилиш бошидан ипотека ва субсидия олиш ҳамда уй битмасдан туриб ҳам бошқа одамга сотиш имконига эга бўлади. Бу билан уй сотиб олувчилар кафолатли ҳимояланади.
Мамлакатимизда 2030 йилгача камида 100 та “Янги Ўзбекистон” массивини қуриш режа қилинган.
Янги массивлар учун ерлар камида 70 минг одам яшайдиган туман маркази ёки шаҳар ҳудудига 1-2 километр масофадаги жойдан ажратилади. Бу массивларнинг ҳар бирида 100 минг квадрат метр хонадон қурилади.
Жорий йил “Янги Ўзбекистон” массивлари инфратузилмаси учун 1,2 триллион сўм берилади.
Ҳозир “Янги Ўзбекистон” массиви учун масъул ягона ташкилот бўлмагани учун, ер қаердан ажратилади, инфратузилма қандай бўлади, қаерга дарахт экилади, суғориш ва дренаж тизими қанақа ўтказилади, деган саволларга жавоб йўқлиги кўрсатиб ўтилди.
Шу боис, бу ишларни ташкиллаштириш учун “Ўз уйим” компанияси ташкил қилинади. Ушбу компания “Янги Ўзбекистон” массивларига ер танлаш, лойиҳалаш, қуриш ва эксплуатация қилишга масъул бўлади.
Мутасаддиларга халқаро экспертларни жалб қилиб, келгуси беш йил учун уй-жой сиёсати стратегиясини ишлаб чиқиш топширилди.
Мамлакатимизда аҳолига расмий иш жойи бўлмаса ҳам, даромадини декларация асосида ҳисобга олиб, ипотека кредити олиши учун имконият яратилган.
Лекин ҳозирда хорижга ишлашга кетганларга “Ўзбекистонда расмий даромади йўқ”, деган важ билан кредит ва субсидия берилмаяпти.
Мутасаддиларга хорижда меҳнат қилаётган ва олти ой ичида мунтазам пул ўтказиб келаётган фуқароларимиз даромадини ҳисобга оладиган тизим яратиш топширилди.
Йиғилишда фойдаланишга топширилган уйлар бўйича ҳам эътирозлар кўплиги кўрсатиб ўтилди.
Охирги икки йилда уй-жой қурилиши бўйича 5,5 мингдан зиёд қоидабузарлик аниқланган. Хусусан, 88 та ҳолатда пудратчилар лойиҳага зид равишда уйларга ортиқча 1-2 қават қўшиб қурган. Ёки фойдаланишга қабул қилинган 74 та кўп қаватли уйларда қурилиш сифати бўйича жиддий камчиликлар аниқланган.
Шу маънода, пудратчиларнинг қурилиш маданиятини тубдан ошириш зарурлиги қайд этилди.
Ҳозир пудратчилар қурилишни бошлаш учун ҳужжатларни камида 5 босқичда келишиши керак. Бунга 2 ойгача вақт кетаяпти. Бу жараёнлар соддалаштирилиши эълон қилинди.
Қурувчилар “Шаффоф қурилиш” платформаси орқали тайёр лойиҳани идоралар билан онлайн келишади. Улар камчилик кўрсатса, бартараф қилади.
Қурилиш лойиҳага мос бажарилишини Давлат архитектура-қурилиши назорати инспекцияси текширади ва битганидан кейин хулоса беради. Объектни фойдаланишга топширишда фақат 2 та идора – ДАҚН ва ёнғин хавфсизлигидан хулоса олинади. Зарур бўлса, бошқа соҳадаги мутахассисларни инспекциянинг ўзи жалб қилади.