Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг 24 январдаги мажлисида электрон сигареталарни бутунлай тақиқлаш кўзда тутилган қонун лойиҳаси учинчи ўқишда қабул қилинди.
Мажлисда айрим қонун ҳужжатларига баъзи турдаги тамаки маҳсулотларининг, тамакини ва никотинни истеъмол қилиш мосламаларининг муомаласига доир талабларни янада кучайтиришга қаратилган қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда моддама-модда кўриб чиқилди.
Ушбу қонун лойиҳаси билан Ўзбекистонда никотинни истеъмол қилиш мосламалари, шу жумладан электрон сигареталар ва улар учун суюқликларнинг муомаласи (ишлаб чиқариш, тайёрлаш, сақлаш, ташиш ёки ўтказиш, Ўзбекистон ҳудудига олиб кириш, олиб чиқиш) тақиқланмоқда.
Бундан ташқари, айланмаси тақиқланган чекилмайдиган тамаки маҳсулотлари, никотинни истеъмол қилиш мосламалари, шу жумладан электрон сигареталарни қонунга хилоф равишда муомалага киритиш билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар учун жавобгарлик белгиланмоқда.
Мажлисда қайд этилишича, қонун лойиҳасини иккинчи ўқишга тайёрлаш жараёнида масъул қўмита томонидан депутатлар берган таклифлар асосида ундаги нормалар такомиллаштирилди ва лойиҳа матни маромига етказилди. Қонун лойиҳасининг қабул қилиниши аҳолининг ҳаёти ва соғлиғини янада ҳимоя қилиш, миллат генофондини сақлаш, атроф-муҳитни тамаки ва никотин маҳсулотларининг янги турларидан муҳофаза қилишга хизмат қилади.
Мутахассисларнинг фикрича, электрон сигареталарда никотин моддасидан ташқари кансероген, заҳарли бўлган 80 хил кимёвий бирикмалар ва оғир металлар мавжудлиги, уларнинг инсон соғлиғига, атроф-муҳитга жиддий зиёни аниқланмоқда. Хусусан, организмда никотинга қарамлик ошиши билан бирга болалар ва ўсмирларда мия шаклланишига, интеллект, билим ва қобилиятнинг пасайишига олиб келиши мумкин.
Депутат Алишер Қодиров бу ҳозир тўхтатилмаса 20 йилдан кейин ҳеч қандай қонун ёрдам бера олмаслигини айтганди.
“Ароқ ёки табиий тамакини, асосан, катта ёшдагилар истеъмол қилади, улар ўзи учун танловини қилиб бўлгандир, лекин электрон сигареталар мактаб ўқувчилари ёки 30 ёшгача бўлган болалар орасида кенг ёйилиб кетмоқда. Истеъмолчининг 3 тадан 2 таси ёшлар. Ярми қизлар. Ёшлар ва албатта, халқимиз бу офатнинг келажакдаги зараридан қутула олмайдилар”, дейди депутат.
Миллий тикланиш партияси 2021 йилдаёқ электрон сигареталарни чеклашни таклиф қилганди.
“Дунёнинг 32 мамлакатида электрон сигареталар чекланган экан, нима учун биз чекламаслигимиз керак? Мутахассислар унинг генофондга жиддий таъсир кўрсатишини айтмоқда. Партиямиз ҳам ушбу масалани мунтазам кўтариб келади”, деган эди Алишер Қодиров.