Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Грузияга амалга оширган давлат ташрифи якунланди. Тбилиси шаҳридаги Шота Руставели номидаги халқаро аэропортда давлатимиз раҳбарини Грузия Бош вазири Ираклий Кобахидзе кузатиб қўйди.
Давлат ташрифи доирасида Президент Шавкат Мирзиёев Грузия Президенти Михаил Кавелашвили ҳамда Бош вазир Ираклий Кобахидзе билан музокаралар ўтказди.
Учрашувларда Ўзбекистон ва Грузия ўртасидаги дўстлик ва кўп қиррали ҳамкорлик муносабатларини янада мустаҳкамлаш, шунингдек, сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий, транспорт-транзит, туризм ҳамда маданий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Музокаралар якунлари бўйича Ўзбекистон ва Грузия ўртасида Стратегик шериклик муносабатларини ўрнатиш тўғрисидаги декларация имзоланди. Шунингдек, устувор йўналишлардаги ҳамкорликни янада ривожлантиришга қаратилган қатор икки томонлама ҳужжатлар алмашилди.
Ташриф доирасида Тбилисидаги Орбелиани саройида Президент Шавкат Мирзиёевга Грузиянинг олий давлат мукофоти — «Олтин мўйна» ордени тантанали равишда топширилди.
Бундан ташқари, давлатимиз раҳбари Тбилиси шаҳрида буюк ўзбек шоири ва мутафаккири Алишер Навоий ҳайкалининг очилиш маросимида иштирок этди.
Давлат ташрифи якунланганидан сўнг Президент Шавкат Мирзиёев Тошкент шаҳрига жўнаб кетди.






