АсосийЖАМИЯТ

Самарқандда дарё қирғоғи емирилиб, темирйўл шикастланди

Самарқандда сув оқимининг кескин ошиши натижасида темирйўл инфратузилмасига зарар етди. Ҳодиса юзасидан "Ўзбекистон темир йўллари" АЖ расмий изоҳ берди.

'Самарқандда дарё қирғоғи емирилиб, темирйўл шикастланди'ning rasmi

Самарқанд вилоятининг Тойлоқ туманида Зарафшон дарёси сувининг кескин кўпайиши оқибатида Самарқанд—Ургут темирйўл йўналишининг бир қисми шикастланди. Бу ҳақда "Ўзбекистон темир йўллари" АЖ хабар берди.

Маълум қилинишича, 3 июль куни юзага келган ҳолатга Ўзбекистон ва Тожикистоннинг тоғли ҳудудларида кузатилган кучли ёғингарчилик сабаб бўлган. Натижада дарёда сув сарфи одатдаги 80–100 куб метр/сониядан 300 куб метр/сониягача ошган.

Кучли оқим дарё қирғоқларини ювиб кетган ва айрим жойларда ўзан йўналишини ўзгартирган. Шу боис темирйўлга яқин ҳудудларда дарё ўзани 30–40 метргача кенгайиб, темирйўл инфратузилмасига зарар етказган. Компания маълумотига кўра, бундай ҳолат ушбу ҳудудда сўнгги 20 йил давомида қайд этилмаган.

Ҳозирда авария оқибатларини бартараф этиш ишлари давом этмоқда. Дарё қирғоқлари харсанг тошлар билан мустаҳкамланяпти, ишларга 15 та махсус техника жалб қилинган.

Шунингдек, ҳудудга 30 та думпкар вагонда харсанг тошлар етказилган, яна 130 та думпкар вагон қурилиш материаллари билан йўлга чиқарилган.

"Ўзбекистон темир йўллари" темирйўл қатновини тез орада тўлиқ тиклаш ва поездлар ҳаракатининг хавфсизлигини таъминлаш бўйича ишлар давом этаётганини маълум қилди.

    Бошқа янгиликлар