АҚШ тез орада Европа Иттифоқидан импорт қилинадиган товарларга 25 фоиз миқдорида бож жорий қилади. Бу ҳақда кеча, 26 февраль куни Дональд Трамп президентлигининг иккинчи муддати давридаги биринчи ҳукумат йиғилишида маълум қилди.
“Биз қарор қабул қилдик ва уни тез орада эълон қиламиз. Умумий маънода бу 25 фоизни англатади ва у автомобиллар ҳамда шунга ўхшаш нарсаларга тааллуқли бўлади...Мен Европа мамлакатларини яхши кўраман. Аслида, мен барча мамлакатларни кўп жиҳатлари учун яхши кўраман, лекин Европа Иттифоқи Қўшма Штатларни синдириш учун ташкил этилган. Мақсад шу эди ва улар бу вазифани аъло даражада бажарди”, дейди у.
Трампнинг сўзларига кўра, бу чоралар америкалик ишлаб чиқарувчиларни ҳимоя қилиш ва бозорда маҳаллий товарлар учун тенг шароитлар яратишга қаратилган. У, шунингдек, божларнинг жорий этилиши Европа иттифоқининг савдо сиёсатига жавоб ва Америка иқтисодиётини қўллаб-қувватлаш имконияти эканини айтган.
“Reuters” ахборот агентлигига кўра, Европа Иттифоқида енгил автомобилларга 10 фоизлик божхона тўловлари амал қилади. Бу АҚШ божхона тўловларидан тўрт баробар юқори бўлиб, АҚШда бу кўрсаткич 2,5 фоизни ташкил этади. Бундан ташқари, Европа Иттифоқи мамлакатларидаги 17,5 фоиз ва ундан юқори миқдордаги қўшилган қиймат солиғи ҳам Америка расмий вакиллари норозилигининг сабабларидан бири ҳисобланади.
ЕИ Трампнинг танқидига муносабат билдириб қуйидагиларни маълум қилган:
“Европа Иттифоқи – дунёдаги энг йирик эркин бозор. Европа Иттифоқи эркин ва адолатли савдо йўлидаги асоссиз тўсиқларга, шу жумладан, қонуний ва камситувчи сиёсатга қарши чиқиш учун тарифлар қўлланилган ҳолатларга қатъий ва тезкор жавоб беради”, дейди Еврокомиссия вакили.
Шунингдек, вакил Европа Иттифоқи бозори “савдони енгиллаштириши, америкалик экспортчилар учун харажатларни камайтириши ҳамда 27 мамлакатдаги стандартлар ва қоидаларни уйғунлаштиришини” таъкидлаган.