Самарқанд вилояти Жомбой туманидаги 25-сонли давлат боғчасида тарбиячи болаларни калтаклагани аниқланди.
Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеода тарбиячи, дастлаб, болаларга бақиргани, сўнгра улардан бир нечтасининг бошига ургани ва силтаганини кўриш мумкин.
Вилоят Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси хабарига кўра, ҳолат 14 феврал куни содир бўлгани, тарбияланувчига қўл кўтарган тарбиячи Г. А.нинг иши жиноят ишлар бўйича Жомбой туман судида кўриб чиқилган.
Тарбиячига базавий ҳисоблаш миқдорининг 3 баробари (1 млн 100 минг сўм) миқдорида жарима қўлланган. У билан тузилган меҳнат шартномаси ходимнинг ташаббуси билан бекор қилинган.
Бундан олдинроқ, Тошкент вилояти Паркент туманидаги мактабгача таълим ташкилотида жисмоний тарбия йўриқчиси болаларни қўли ва гимнастика таёқчаси билан ургани, шу боғчанинг бошқа тарбиячиси ҳам болаларга қўпол муносабатда бўлгани хабар қилинганди.
Шунингдек, Тошкент шаҳрининг Мирзо Улуғбек туманидаги "Танзиландия" нодавлат мактабгача таълим ташкилотининг тарбиячилари томонидан ушбу ташкилот тарбияланувчиларига нисбатан зўравонлик ҳаракатлари содир этилгани, Юнусобод туманидаги "First Daycare" нодавлат мактабгача таълим ташкилоти тарбиячиси ва тарбиячи ёрдамчисининг болалардан бирини овқат емагани учун стулга скотчлаб қўйгани маълум бўлганди.
Сергели туманидаги хусусий боғчада эса тарбиячи ёрдамчиси гўёки хархаша қилаётган болани калтаклаган, сўнгра уни кўтариб бошқа хонага олиб чиқаётганида боланинг оёғи синганди.