АсосийЖАМИЯТ

АҚШда ўзбекистонлик фуқаро 12 миллион доллардан ортиқ юкларни ўғирлашда айбланмоқда

АҚШда Ўзбекистон фуқаросига автомобиль транспортида ташилаётган юкларни ўғирлаш мақсадида жиноий тил бириктиришда иштирок этганлик бўйича федерал айблов қўйилди.

'АҚШда ўзбекистонлик фуқаро 12 миллион доллардан ортиқ юкларни ўғирлашда айбланмоқда'ning rasmi

АҚШда Ўзбекистон фуқаросига автомобиль транспортида ташилаётган юкларни ўғирлаш мақсадида жиноий тил бириктиришда иштирок этганлик бўйича федерал айблов қўйилди. Тергов маълумотларига кўра, у шахсан иштирок этган юк ўғирликлари оқибатида етказилган зарар 12 миллион доллардан ошган. Бу ҳақда Slavic Sacramento хабар берди.

Коннектикут федерал округи прокуратураси маълум қилишича, тергов камида 2025 йил сентябридан буён амал қилиб келган жиноий схемани аниқлаган.

Қайд этилишича, 33 ёшли Ўзбекистон фуқароси Н. Х. ва унинг шериклари бир нечта транспорт компанияларини сотиб олган ёки улар устидан назоратни қўлга киритган. Улар компанияларнинг АҚШ Транспорт вазирлигидаги рўйхатдан ўтказиш рақамлари, ташувчиларнинг ҳисоб маълумотлари, корпоратив электрон почталари ва эгалари ҳақидаги маълумотлардан фойдаланган.

Мавжуд компанияларнинг обрўсидан фойдаланган гуруҳ аъзолари юк брокерлари билан штатлараро ташувларни амалга ошириш бўйича шартномалар тузган. Ҳайдовчилар товарларни омборлар ва тақсимлаш марказларидан олиб чиққан, бироқ юклар белгиланган манзилга етказилмаган ва кейинчалик ўғирланган деб эълон қилинган. Айрим ҳолларда шериклар ўғирланган товарларни қайтариш учун товон пули талаб қилган.

Тергов маълумотларига кўра, схема камида 24 та юк партиясига дахлдор бўлган. Уларда қаттиқ дисклар, аудио ускуналар, кийим-кечак, электроника, компьютер техникаси, озиқ-овқат маҳсулотлари, никотин сақловчи маҳсулотлар ва бошқа товарлар бўлган.

Терговчиларнинг таъкидлашича, АҚШда доимий яшаш мақомига эга бўлган ва Нью-Жерси штатида берилган амалдаги тижорат ҳайдовчилик гувоҳномасига эга Н. Х. бошқа бешта шахс номи билан расмийлаштирилган сохта ҳайдовчилик гувоҳномаларини ҳам сақлаган. Уларда унинг юз қиёфаси ўзгартирилган сурати бўлган.

Эркак 2026 йил 1 июнда Онтарио шаҳрида ҳибсга олинган. 22 сентябрь куни Нью-Хейвендаги федерал катта ҳакамлар ҳайъати унга нисбатан айблов хулосасини чиқарган. 21 октябрь куни айбланувчи Бриджпортдаги федерал судда қатнашган ва ўз айбини тан олмаган. У ҳибсга олинганидан бери қамоқда сақланмоқда.

Қайд этилишича, жиноий тил бириктиришда айбдор деб топилган тақдирда, унга беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланиши мумкин.

Айблов хулосаси айбдорлик исботланганини англатмайди. Н. Х. судда айби исботлангунига қадар айбсиз ҳисобланади.

    Бошқа янгиликлар