АсосийЖАМИЯТ

Ўзбекистонда лифтларда қурилиш материалларини ташиш тақиқланади

Шунингдек, ҳар бир лифт учун камида уч йиллик кафолат берилиши, таъмирлаш ва эҳтиёт қисмларни алмаштириш эса 15 кундан ошмаслиги керак. Ҳукумат тасдиқлаган янги тартиб 2027 йил 1 январдан кучга киради.

'Ўзбекистонда лифтларда қурилиш материалларини ташиш тақиқланади'ning rasmi

Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 22 октябрдаги қарори билан лифтдан фойдаланиш ва унга техник хизмат кўрсатиш тартиби тасдиқланди. Янги тартибга кўра, лифтларни рўйхатдан ўтказиш, уларга техник хизмат кўрсатиш шартномаларини расмийлаштириш ва хизмат натижаларини сақлаш "Хавфсиз лифт" ягона идоралараро электрон платформаси орқали амалга оширилади. Бу ҳақда Ҳуқуқий ахборот хабар берди.

Қарорга мувофиқ, лифтлар ваколатли орган томонидан бепул рўйхатга олинади. Дастлабки техник кўрик натижаси ижобий бўлган тақдирда, лифт икки иш куни ичида рўйхатдан ўтказилади ва буюртмачига QR-кодли маълумотнома юборилади.

Лифт кабинасининг кўринарли жойига унинг идентификация рақами ва рўйхатдан ўтказилгани ҳақидаги QR-код жойлаштирилиши шарт. Шунингдек, бино бошқарувчиси ва техник хизмат кўрсатувчи ташкилотнинг номи, манзили ҳамда боғланиш маълумотлари кўрсатилиши керак.

Янги низом билан йўловчи лифтларида қурилиш материаллари ва чиқиндиларини ташиш тақиқланди. Бу тақиқ лифтнинг юк кўтариш қобилиятидан қатъи назар амал қилади. Шунингдек, лифт ўлчамларига мос келмайдиган буюм ва жиҳозлар, портловчи, тез алангаланувчи, радиоактив ҳамда ўта заҳарли моддаларни ташлашга йўл қўйилмайди.

Электрон платформа орқали сотиб олинмаган ва ўрнатилмаган лифтлар ҳамда уларнинг эҳтиёт қисмларидан фойдаланиш ҳам тақиқланади.

Қарорда лифтларга кафолат бериш талаблари ҳам белгиланган. Унга кўра, ўрнатувчи муомалага чиқарган ҳар бир лифт учун камида уч йиллик кафолат берилиши лозим. Кафолат даврида таъмирлаш ва эҳтиёт қисмларни алмаштириш муддати 15 кундан ошмаслиги керак.

"Қизил" рангли маълумот ёрлиғи билан белгиланган лифтдан фойдаланиш тақиқланган даврда унга техник хизмат кўрсатилмайди. Бу давр учун техник хизмат кўрсатувчи ташкилот бино бошқарувчисидан ойлик хизмат ҳақини талаб қилиш ҳуқуқига эга эмас.

Шунингдек, лифтларга техник хизмат кўрсатувчи ташкилотларни тегишли реестрга киритиш онлайн хабар бериш орқали бепул амалга оширилади.

    Бошқа янгиликлар