АсосийShou-biznes

Дилноза Кубаева: “Болаларимизнинг болалиги ўзгариб кетган”

“Қисқа ва лўнда” лойиҳаси меҳмони театр ва кино актрисаси Дилноза Кубаева. Феъл-атвори, кечинмалари ва хотиралари ҳақида завқланиб сўзлаган актрисанинг суҳбатидан сиз ҳам баҳраманд бўлинг. 

Мавсум янгилиги
Айни кунларда театрда янги спектакль намойиши бўлиб ўтмоқда. “Мирзо Улуғбек” спекталида мен Феруза ролини ижро этяпман. Бундан ташқари, Янги йил байрами арафасида болажонлар учун эртак ҳам саҳналаштирмоқдамиз. Бу саҳна асарида мен Семурғ қуши ролида намоён бўламан. 
Кинода эса “Эр бермоқ — жон бермоқ 2” фильмининг дубляж ишларини бошлаганмиз. Шунингдек “Иснод” картинасининг суратга олиш ишлари ҳам ўз якунига етиб қолди. Насиб қилса, кетма-кет премьералар билан мухлисларни хурсанд этамиз. 

Хафа бўлсам
Санъаткорларнинг  таъби нозик. Кўнгилчанлиги сабаб хафа бўлишлари ҳам осон. Мен ҳам бундан мустасно эмасман. Таъсирчан бўлганим учун баъзида арзимас гапга ҳам ҳафа бўламан. Лекин хафа бўлганимни кўпинча сездирмайман. Чунки атрофимдагиларнинг ҳурмати мен учун муҳимроқ. Мени ранжитганини билиб у ҳам хафа бўлмасин, ёнимда хижолат чекмасин, деб ўзимни қўлга оламан. Вазият бироз юмшагандан кейин гапи кўнглимга оғир ботганини ётиғи билан тушунтираман. 
Кечирим сўраш
Агар кимнидир хафа қилганимни сезсам, шу заҳоти кечирим сўрайман. Бу мен учун қийинчилик туғдирмайди., аксинча ўзим ҳам енгил тортаман.

Спорт
Болалигимдан професионал даражада ҳеч бир спорт тури билан шуғуланмаганман. Аммо шашка ўйнаш жону-дилим. Минг афсуски, шахмат ўйнашни ўрганолмадим. Ҳозир эса уйда спорт билан шуғулланиш учун шароит бор, турли ускуналарда машқ бажариб тураман. Мавриди келганда бир гапни алоҳида айтишни истардим. Болалигимизда дарсдан кейин маҳалладаги қизлар билан кўчада мазза қилиб турли ўйинлар ўйнардик. “Ўртага тушар”, “Резинкада сакраш”... очиғи, югур-югурлардан спортга ҳатто ҳожат ҳам қолмасди. Бугун эса болаларимизнинг болалиги ўзгариб кетган...

Стил
Бу борада ўзимни дидимга ишонаман. Қоматимга ёпишиб турувчи либосларни ёқтирмайман. Бировларни эътиборини қаратувчи, кўзга ярқ этиб тушувчи либосларни киймайман. Бундан ташқари, пошнасиз юрсам ўзимни ноқулай ҳис этаман. Шунинг учун камдан-кам ҳолларда спорт услубида кийинаман. 

Ёлғон гапиришса
Ҳамма нарсани кўзга қараб сезиб турадиган даражада одамларни яхши биламан деёлмайман. Бироқ касбимдаги тажрибамдан келиб чиқиб, англаб олиш қўлимдан келади. Одамлар билан кўп суҳбатда бўлсанг, йиллар ўтгач, ким қандай эканини билиб бораверар экан киши... Ўзим жуда ҳам кам ёлғон ишлатаман. Ҳазиллашиб алдасам ҳам сездириб қўяман. 

Миш-мишлар
Илгари ўзим ҳақимда миш-мишларни эшитиб қолсам, жуда хафа бўлардим. Ҳар бир майда гап ҳам кўнглимга ботарди. Бугун эса бундай ҳолатларга қарши ўзимда “иммунитет” ҳосил қилганман. Ҳатто атрофимдагилар ҳам кимдир ҳақида гапиришса, уларни эшитмаслик учун бошқа мавзуни бошлаб юбораман. Бу ҳаётда ҳамма авваламбор ўзини билиши, фақат ўз ҳаёти билан банд бўлиши керак, деб ўйлайман. 

Ёмон кўрган саволим
Ҳаётимга боғлиқ ўта шахсий саволларни унча хушламайман. 

Устозларим ўгити
Устозим Минаввара Абдуллаева талабалик йилларимизда дарсдан ташқари қизлар мажлиси ўтказиб, доим ор-номусли, одобли бўлишимиз, ҳеч қачон ёлғон гапирмаслигимизни тайинлардилар. Яна бир устозим Хайрулла Саъдиев ҳозиргача “Онанг яхшими, хафа қилмагин. Доим хабар олиб тур”, деб  қайтарадилар. Куни кеча театрда кўришиб қолганимизда ҳам, шу гапларни такрорладилар. Устозларимнинг ҳар бир гапи мен учун муҳим, ҳаммасига амал қиламан. 

Алия СУЛАЙМАНОВА 
Фотомухбир: Ислом РЎЗИЕВ

Бизни ижтимоий тармоқларда кузатиб боринг

Бошқа янгиликлар