Аввал хабар берганимиздек, бугун Олий Мажлис палаталарининг қўшма мажлиси бўлиб ўтди. Йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Президенти халқ олдида қасамёд қилди.
Тадбир давомида Ўзбекистон Республикаси Бош вазири лавозимига номзод тасдиқлаш масаласи ҳам кўриб чиқилди. Шавкат Мирзиёев мазкур лавозимга бош вазир ўринбосари Абдулла Арипов номзодини тақдим этди. Шундан сўнг, Абдулла Арипов Вазирлар Маҳкамасининг истиқболли фаолият дастури билан таништирди.
Депутат ва сенаторлар мамлакат раҳбари томонидан тақдим этилган номзодни тасдиқлашни ёқлаб сўзга чиққач, уни Ўзбекистон бош вазири лавозимига тайинлаш тўғрисида қарор қабул қилди.
Абдулла Арипов 2002-2012 йилларда бош вазир ўринбосари лавозимида фаолият олиб борган. Шу билан бирга Ўзбекистон алоқа ва ахборотлаштириш агентлигини бошқарган.
2016 йилнинг сентябрь ойида Шавкат Мирзиёев Абдулла Ариповни Вазирлар Маҳкамасида Ёшлар сиёсати, маданият, ахборот тизимлари ва телекоммуникациялари масалалари комплекси раҳбари этиб тайинланган эди.