Ҳиндистон пойтахти Деҳлида бир нечта суд бинолари ва полицияга қарашли икки мактаб бомба қўйилгани ҳақида ёлғон хабарлар олди. Минтнинг ёзишича, хавфсизлик кучлари таҳдидни текшириш давомида суд жараёнлари бир неча соатга тўхтатилган.
Полиция текширувлари натижасида ҳеч қандай хавфли буюм топилмагани, барча қўнғироқлар сохта экани маълум қилинди. Катта полиция зобитининг айтишича, қўнғироқ қилган номаълум шахс дарҳол телефонини ўчириб қўйган, аммо уни аниқлаш ишлари давом этмоқда.
Ёлғон таҳдид йил давомида содир бўлган портлаш билан боғланган бўлиши мумкин. Бомба хабарлари келиб тушган судлардан бири — Патиала Ҳоус суди, у ерда 10 ноябр куни Қизил қалъа метроси яқинида содир бўлган теракт иши кўрилиши кутилган эди. Ушбу ҳужумда 15 киши ҳалок бўлиб, ўнлаб одамлар жароҳат олган.
Полиция 17 ноябрь куни портлашда ёрдам беришда гумон қилинган яна бир кашмирлик шахсни ҳибсга олган. Унинг иши ҳам 18 ноябрь куни судда кўриб чиқилиши режалаштирилган бўлиб, бино атрофида олдиндан қўшимча хавфсизлик чоралари кўрилган эди.






