АҚШ президенти Дональд Трамп Украина президенти Владимир Зеленскийни Қримдан воз кечиш ва НАТОга аъзо бўлмаслик шартлари эвазига урушни якунлашга чақирди. Бу ҳақда у ўзининг Truth Social саҳифасида ёзиб қолдирди.
Трампнинг таъкидлашича, "Обама Қримни бир оғиз ўқсиз берган", ва бу ҳудудни қайтариб бўлмайди. НАТОга аъзолик эса "ҳеч қачон амалга ошмайди".
Шу муносабат билан 18 август куни Трамп ва Зеленскийнинг Оқ уйдаги учрашуви Тошкент вақти билан соат 22:15 да бошланади.
Зеленский эса музокаралар олдидан ўз Telegram канали орқали жавоб қайтариб, Украина ҳеч қандай ҳудудий йўқотишга рози бўлмаслигини таъкидлади.
“Бу уруш тинч ва адолатли тугаши керак. Қрим ва Донбассни бериш — янги урушлар учун трамплинга айланади. Бу 1994 йилдаги хавфсизлик кафолати каби пуч гап бўлмаслиги шарт”, — деди Украина раҳбари.
Унинг сўзларига кўра, Украина армияси Донецк ва Сумий йўналишларида ҳаракатни давом эттирмоқда, ва “бошлаган урушни айнан Россия тўхтатиши шарт”.