Қозоғистон ва Ўзбекистон мунтазам равишда қўшма ҳарбий машғулотлар ўтказишга келишиб олди. Бу ҳақда Қозоғистон бош вазири Олжас Бектенов имзолаган ҳужжатда қайд этилган.
Келишувга кўра, машғулотлар икки давлат ҳудудида навбатма-навбат ўтказилади. Унда қуруқлик қўшинлари, ҳарбий авиация ва махсус техника иштирок этади. Шартнома доирасида чегарадан ҳарбий колонларнинг ўтиши, полигонлардан фойдаланиш ҳамда тиббий ва техник таъминот масалалари тартибга солинади.
Ҳужжат 5 йил муддатга тузилган бўлиб, томонлардан бири рад этмаса, автоматик тарзда узайтирилади. Расмийларга кўра, келишувнинг мақсади минтақада хавфсизликни мустаҳкамлаш ва икки давлат армиялари ўртасидаги ҳамкорликни кучайтиришдир.