Беморларга ташхис қўйишда кўмаклашувчи сунъий интеллектга асосланган “Шифокорнинг рақамли ёрдамчиси” дастури йўлга қўйилади.
Президент қарорига кўра, Ўзбекистонда аҳолига электрон хизматлар кўрсатиш сифати оширилади.
“Республиканинг ҳудуд, соҳа ва тармоқларида рақамли технологиялар жорий этилишини янада жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорда айтилишича, “Рақамли ҳукумат” дастури доирасида 41 та лойиҳа ишга туширилади.
Шунингдек, 2026 йил 1 январдан фуқароларнинг ижтимоий ёрдам кўрсатиш бўйича мурожаати, маҳаллалардаги оилалар ва аҳоли маълумотларини юритиш ҳамда маҳаллаларда аҳоли билан ишлаш жараёнлари “Рақамли маҳалла” платформаси орқали амалга оширилади.
2026 йил 1 майдан ногиронликни белгилаш бўйича давлат хизматини кўрсатишда фуқароларга тиббиёт муассасаларига имтиёзли даволаниш учун бериладиган йўлланмани шакллантириш ва электрон навбатга қўйиш композит шаклда амалга оширилади.
Келгуси йил якунигача тиббий кўрик жараёнида шифокор нутқини автоматик баёнлаштирувчи овозли ёрдамчи ҳамда беморларга ташхис қўйишда кўмаклашувчи сунъий интеллектга асосланган “Шифокорнинг рақамли ёрдамчиси” дастури ишга туширилади.