Аввалроқ, 13 нафар ўзбекистонлик Украинада қулдек сақланаётгани ҳақида Украина прокуратурасига таяниб хабар берган эдик. Мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон ТИВ расмий баёнот берди.
Унга кўра, Украина оммавий ахборот воситалари томонидан Киев вилояти ҳудудидаги иссиқхоналардан бирида 13 нафар Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг оғир аҳволда “қул” сифатида ишлатилаётгани тўғрисида тарқатилаётган маълумотлари юзасидан вазиятга ойдинлик киритиш мақсадида Ўзбекистон Республикасининг Украинадаги Элчихонаси вакиллари жойга ташриф буюрган.
Айни пайтда барча фуқароларимизнинг соғ-саломатлиги аниқланиб, уларни тегишли тиббий муолажа қилиш учун Киев вилоятидаги маҳаллий шифохоналардан бирига жойлаштирилган.
Элчихона томонидан фуқароларимиз билан боғлиқ бўлган вазият тўлиқ назоратга олинган бўлиб, уларни Ўзбекистонга қайтариш бўйича барча керакли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Шу жумладан, ўзбекистонликларга тегишли консуллик ва ҳуқуқий ёрдамни амалга ошириш мақсадида Украина ТИВ ва Бош прокурори офисига тегишли ноталар юборилди. Мазкур ҳолат юзасидан жиноий иш очилиб, гумонланувчилар устидан суд жараёни бўлиб ўтмоқда.
Элчихона фуқароларимизнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, уларга ҳар томонлама ёрдам кўрсатиш ҳамда қонуний ҳуқуқларини тиклаш борасида барча зарур чора-тадбирларни кўришда давом этмоқда.
Ўз навбатида, Украинада инсон ҳаёти учун хавф туғдириши мумкин бўлган ҳолатлар кузатилаётгани боис Ўзбекистон фуқароларидан ўз хавфсизлигини инобатга олган ҳолда мазкур мамлакатга айни вақтда ташрифларни режалаштирмасликларини тавсия қиламиз, дейилади хабарда.