Сурхондарё вилоятида жойлашган Бойсун тоғлари яна бир муҳим археологик кашфиёт билан илм-фан дунёси диққат марказига айланди. Тўда ғорида ўтказилган археологик қазишмалар давомида қадим замонларга оид меҳнат қуроллари ҳамда ёввойи донли ўсимликлар қолдиқлари топилди. Маданий мерос агентлиги тарқатган маълумотга кўра, топилмалар қарийб 9 минг 200 йил аввалги даврга оид.
Тадқиқот ишлари Хитой Фанлар академияси Қазилмалар ва палеоантропология институти профессори Хинйинг Чжоу раҳбарлигида, шунингдек, Яҳё Ғуломов номидаги Самарқанд археология институти олимлари иштирокида амалга оширилган.
Қазишмалар жараёнида аниқланган топилмалар орасида қадимги тош ўроқлар, ёввойи дон уруғлари ва уларни қайта ишлашда фойдаланилган меҳнат қуроллари ҳам бор. Мутахассисларнинг дастлабки хулосаларига кўра, бу артефактлар минтақадаги илк аҳоли нафақат овчилик ва теримчилик билан, балки деҳқончиликнинг дастлабки кўринишлари билан ҳам шуғулланганини кўрсатади.
Германиядаги Геоантропология институти олимларидан бири Роберт Шпенглернинг таъкидлашича, ушбу кашфиёт деҳқончилик дунёда ягона ҳудудда эмас, балки турли минтақаларда, жумладан Евроосиёда ҳам мустақил равишда шаклланганини тасдиқлайди. Топилмалар орасида тош пичоқлар, ўроқлар ва ёввойи арпага ишлов бериш учун мўлжалланган бошқа асбоблар ҳам учради. Уларнинг юзасида ғалла пояларини ўриш ва қайта ишлашга оид аниқ излар сақланиб қолган.
Археологлар маълум қилишича, худди шундай қуроллар Левант ҳудудида ҳамда Қирғизистондаги Обишир-5 манзилгоҳида ҳам топилган. Бу эса илк аграр анъаналар турли ҳудудларда ўз-ўзидан вужудга келганини кўрсатади.
Мутахассислар таъкидлашича, Бойсун тоғларида топилган бу кашфиёт нафақат Ўзбекистон тарихини ўрганишда, балки инсониятнинг илк аграр маданияти қандай шаклланганини англашда ҳам улкан илмий аҳамиятга эга. Бу топилмалар жаҳон археологиясида муҳим манба сифатида баҳоланмоқда.