Фарғона ва Хоразм вилоятларида ўтказилган тезкор тадбирлар давомида гиёҳвандлик воситалари савдоси билан шуғулланган шахслар қўлга олинди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати маълум қилди.
Маълум қилинишича, ДХХнинг Фарғона вилояти бўйича бошқармаси ҳамда ички ишлар органлари ходимлари ҳамкорлигида Бувайда туманида ўтказилган тезкор тадбирда “Марғилон – Бувайда” йўналишида ҳаракатланаётган Cobalt русумли автомашина тўхтатилган.
Автомашина холислар иштирокида кўздан кечирилганда, унда йўловчи сифатида кетган Қўштепа туманида яшовчи шахснинг ёнидан 1 килограмм 187 грамм “гашиш” гиёҳвандлик воситаси топилиб, ашёвий далил сифатида олинган.
Яна бир ҳолатда ДХХнинг Хоразм вилояти бўйича бошқармаси, ички ишлар ва божхона органлари ҳамкорлигида Урганч шаҳрида тезкор тадбир ўтказилган.
Тадбир давомида 1995 йилда туғилган, муқаддам судланган шахснинг ёнидан ҳамда у вақтинча яшаб турган хонадондан жами 620 грамм “гашиш” ва 297 грамм “мефедрон” гиёҳвандлик воситалари ашёвий далил сифатида олинган.
Дастлабки маълумотларга кўра, мазкур наркотик моддалар Россия Федерациясидан контрабанда йўли билан олиб кирилган.
Ҳар икки ҳолат юзасидан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Айбдорларга нисбатан қонунчиликда белгиланган тартибда ҳуқуқий чора кўрилади.






