Вазирлар Маҳкамасининг "Умумий овқатланиш корхоналарида ҳосил бўладиган озиқ-овқат чиқиндиларидан самарали фойдаланиш ва уларнинг атроф-муҳитга таъсирини камайтириш ҳамда ортиқча исрофгарчиликларнинг олдини олиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори қабул қилинди.
Унга кўра, умумий овқатланиш соҳасида озиқ-овқат чиқиндиларини камайтириш ва исрофгарчиликка қарши "Оқилона истеъмол" ("Save food") дастури амалга ошириш кўзда тутилган.
Маълумот учун, "Ичимлик суви таъминоти ва оқова сувларни чиқариб юбориш тўғрисида"ги қонуннинг 31-моддасига мувофиқ, белгиланган нормадан юқори даражада ифлосланган ишлаб чиқариш оқова сувларини оқизиб юборувчи юридик шахслар ҳамда якка тартибдаги тадбиркорлар оқова сувларни локал тозалаш иншоотларида бирламчи тозалаш ишларини бажариши лозим. Шунингдек, меъёрдан ортиқ ифлосланган оқова сувларни ҳосил қилувчи объектлар оқова сувлар тармоқларига уланиши учун уларда оқова сувларни белгиланган нормага қадар тозалашни таъминлайдиган локал тозалаш иншоотлари бўлиши керак.
Қарорга кўра, 2026 йил 1 январдан бошлаб озиқ-овқат чиқиндиларини компостлаш орқали қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотларини етиштиришда органик ўғитларни қўллаш тизими кенгайтирилади. Шунингдек, умумий овқатланиш корхоналаридаги оқова сув тизимларига ёғ-мой тутгич ускуналарни ўрнатиш орқали чиқинди ёғ-мойлардан иккиламчи хомашё ишлаб чиқариш йўлга қўйилади.
2026 йил 1 июлдан эса умумий овқатланиш корхоналарида ҳар ойда бир марта ёғ-мой тутгич ускуналарининг техник хусусиятларидан келиб чиқиб, уларни чиқинди ёғ-мойлардан тозалаш, бу чиқинди ёғ-мойларни қайта ишлаш ва утилизация қилиш таъминланади. Умумий овқатланиш корхоналарида озиқ-овқат маҳсулотларини пишириш учун газ таъминоти, улар бўлмаганда ёғоч ёки тайёр кўмирдан фойдаланишда атмосфера ҳавосини ифлослантирувчи моддалар ва ҳидларни ушлаб қолувчи қурилмаларни ўрнатиш чоралари кўрилади.
Шу билан бирга, 2026 йил 1 январга қадар умумий овқатланиш корхоналарининг атмосфера ҳавосига салбий таъсирини камайтиришга оид талаблар белгиланади, шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларига умумий овқатланиш корхоналарида ўрнатиладиган вентиляция ва ҳаво фильтрлаш қурилмалари учун алоҳида талаблар киритилади.
Бундан ташқари, Ўзбекистонда 2026–2030 йиллар "Долзарб озиқ-овқат хавфсизлиги даври" деб эълон қилинади. Бунда тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар белгиланган тартибда ўтказилиши қатъий назоратга олинади. Қолаверса, исрофгарчиликнинг олдини олиш, тўғри ва сифатли овқатланиш кераклиги тарғиб қилинади. Озиқ-овқат чиқиндиларининг қайта ишлаш корхоналарига топширилиши таъминланади.