Олимлар салбий янгиликларни тинимсиз ўқиш (“думскролинг”) организмнинг таҳдидларга жавоб реакциясини ўзгартириб, ташвиш, чарчоқ ва ҳатто ПТСР аломатлари хавфини кучайтиришини айтди.
Маълум қилинишича, чексиз янгиликлар оқимидаги ваҳимали сарлавҳалар ва зўравонлик тасвирлари нафақат кайфиятни бузади, балки миянинг ишлашини ҳам ўзгартиради. Организм “уриш ёки қочиш” режимига ўрганиб қолади, бу эса стресс тизимининг бузилишига ва руҳий саломатликнинг ёмонлашишига олиб келади.
“Биз эволюцион жиҳатдан таҳдидларни пайқашга мослашганмиз. Минг йиллар олдин бу йиртқичлардан қутулишга ёрдам берган бўлса, бугун хавотирли сарлавҳаларга эътибор қаратишга ундамоқда”, дейди Калифорния университети психологи Э. Элисон Холман.
Олимлар таъкидлашича, доимий салбий хабарлар оқими сабабли стресс тизими тикланишга улгурмайди. Вақт ўтиши билан бу ҳолат одатий машғулотларга қизиқишни пасайтиради, ташвиш ва умидсизликни кучайтиради.
Тадқиқотчи Роксана Коэн Силвер бу зарарли таъсирни илк бор 1999 йилда “Колумбайн” мактабидаги фожиа ортидан сезган. Кейинчалик у буни 11 сентябрь терактлари оқибатлари бўйича узоқ муддатли тадқиқотида исботлади: янгиликларни кўпроқ кузатган одамлар кўпроқ соғлиқ муаммоларидан шикоят қилган.