Тошкент вилоятининг Бўзсув каналига текстиль компаниялари бўёқ қолдиқларини оқизаётгани ҳақида ижтимоий тармоқларда хабар берилган эди. Ушбу ҳолат юзасидан тегишли текширув ўтказилди ва “Тошкент сув таъминоти” АЖга нисбатан жиноят иши қўзғатилди. Бу ҳақда Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги хабар берди.
Маълум қилинишича, оқова сувларнинг чиқиш жойларидан олинган лаборатория таҳлил натижаларига кўра, “Бўзсув аэрация иншооти”нинг биринчи сонли ташламасида муаллақ моддалар чекланган миқдордан 23,7 марта, аммоний иони 101,9 марта, азот нитрит 3,5 марта, сульфатлар 2,3 марта, фосфатлар 1,3 марта, БПК 19,6 марта, нефть маҳсулотлари 2,52 марта, мис 4,16 марта, темир 12,4 марта юқори эканлиги аниқланган.
Объектнинг учинчи сонли ташламасида муаллақ моддалар белгиланган миқдордан 22,1 марта, аммоний иони 19,9 марта, азот нитрит 8,5 марта, сульфатлар 2,8 марта, фосфатлар 1,3 марта, БПК 17 марта, нефть маҳсулотлари 1,78 марта, мис 3,3 марта, темир 3,6 марта юқорилиги маълум бўлган.
Дастлабки текширув давомида атроф-муҳитни ифлослантирганлик ҳамда оқова оқизганлик оқибатида 1 млрд 511 млн 966 минг 450 сўм қўшимча компенсация тўлови ҳисобланган. Ҳолат юзасидан Бош прокуратура томонидан Жиноят кодексининг 205-(ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш) ва 207-моддалари (мансабга совуққонлик билан қараш) билан “Тошкент сув таъминоти” АЖга нисбатан жиноят иши қўзғатилган. Айни дамда Тошкент шаҳар прокуратураси томонидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.