Хитойнинг Венжоу шаҳрида 29 сентябрь куни бўлиб ўтган суд жараёнида фирибгарлик, қимор ва наркотик савдоси билан шуғулланган Минг мафиоз оиласининг 11 нафар аъзоси ўлим жазосига ҳукм қилинди.
ББCънинг ёзишича, яна 5 нафар аъзога кечиктирилган ўлим жазоси, 11 кишига умрбод қамоқ ва қолганларига 5 йилдан 24 йилгача озодликдан маҳрум этиш жазоси берилган.
Минглар Мянманинг Лауккай шаҳрида йиллар давомида ноқонуний фаолият юритиб, миллиардлаб доллар даромад топган. Улар бошқарган марказларда одамлар қийноққа солинган, айрим ҳолларда ҳатто ўлдирилган. БМТ бу каби жиноят тармоқларини “қаллоблик ва мажбурлов асосидаги эксплуатация” деб атайди.
Икки йил аввал исёнчи гуруҳлар Лауккай шаҳрини босиб олгач, Минг оиласи раҳбари жонига қасд қилган. Қолган аъзолар эса Мянма ҳукумати томонидан Хитойга топширилган эди.
Суд ҳукмида айтилишича, жиноятлар 2015 йилдан буён давом этган. Бу иш Хитойда ноқонуний трансмиллий жиноятларга қарши олиб борилаётган кенг кўламли курашнинг бир қисми сифатида баҳоланмоқда.






