Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев Ўзбекистон ва Қозоғистон ҳукуматлари ўртасида трансчегаравий сув объектларини биргаликда бошқариш ва улардан оқилона фойдаланиш тўғрисидаги битимни ратификация қилиш ҳақидаги қонунни имзолади.
Мазкур битим 2025 йил 15 ноябрь куни Тошкент шаҳрида имзоланган бўлиб, икки давлат ўртасидаги сув ресурсларидан адолатли ва самарали фойдаланиш, шунингдек, давлатлараро аҳамиятга эга сув иншоотларининг барқарор ишлашини таъминлашга қаратилган.
Ҳужжат доирасида Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасида трансчегаравий сув объектларини бошқариш бўйича ҳукуматлараро комиссия ташкил этилади. Комиссия умумий сув ресурсларидан фойдаланиш, гидротехника иншоотларини эксплуатация қилиш ва уларнинг хавфсизлигини таъминлаш масалаларини мувофиқлаштиради.
Шунингдек, томонлар сув соҳасида ахборот алмашиш, ҳамкорликни кенгайтириш ва қўшма лойиҳаларни амалга оширишга келишиб олган.
Мутахассислар ушбу келишув Сирдарё ҳавзасидаги сув ресурсларидан самарали фойдаланиш, сув танқислиги билан боғлиқ хавфларни камайтириш ва минтақадаги сув ҳамкорлигини мустаҳкамлашга хизмат қилишини таъкидламоқда.
Маълумот учун, Ўзбекистон ва Қозоғистон Сирдарё ҳавзасидаги трансчегаравий сув ресурсларидан биргаликда фойдаланади. Ушбу сувлар қишлоқ хўжалиги, аҳолини ичимлик суви билан таъминлаш, энергетика ва экологик барқарорлик учун муҳим аҳамиятга эга.






