Туман ва шаҳар ҳокимликлари фаолиятини такомиллаштиришга доир президент фармони ишлаб чиқилади.
Маълум қилинишича, 2026 йилнинг сўнгига қадар 31 та туман ва шаҳарда бошқарувнинг янги тартиби жорий этилади. Унда 9 та вазирлик ва идораларнинг ҳудудий бўлинмалари ҳокимлик тузилмасига ўтказилади.
Ушбу даврга қадар Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги, Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги, Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш вазирлиги, Маданият вазирлиги, Оила ва хотин-қизлар қўмитаси, Ёшлар ишлари агентлиги ҳудудий бўлинмалари ҳокимлик тузилмасига ўтади.
Шу билан ҳокимлар ушбу тузилмаларга тўлиқ раҳбарлик қилиб, штат бирликларини мустақил белгилайди, кадрларни тайинлайди ва озод этади, рағбат ёки интизом чораларини қўллай олади.
Бундан ташқари, туман ва шаҳар ҳокимлари ўринбосарларининг сонини 4 нафар этиб белгилаш таклиф қилинмоқда.