2025 йилнинг 6 октябрь куни Қорақалпоғистон Республикасида йўловчи поезди ва юк машинаси тўқнашди. Бу ҳақда “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ хабар берди.
Маълум қилинишича, воқеа соат 15:31 да Қўнғирот минтақавий темирйўл узелига қарашли Тўрткўл – Элликқалъа станциялари оралиғининг 531 км 8-пикетида жойлашган қўриқланмайдиган темирйўл кесишмасида содир бўлган. Қўнғирот – Андижон йўналишидаги 128-сонли йўловчи поезди ҳаракати давомида темирйўл кесишма сигнал белгиларига қарамасдан ҳаракатланган “КамАЗ” русумли юк автомобили билан тўқнашиб кетган.
Оқибатда юк автомобили ҳайдовчиси шифохонага жўнатилган. Йўловчи поездида 216 та йўловчи бўлиб, уларнинг соғлиғига зарар етмаган. Тепловоз поездини олиб кета олмагани сабабли ЎзТЕ16М2 русумли 025 сонли тепловоз соат 16:15 да воқеа жойидан жўнатилган.
“Воқеа жойига тегишли раҳбарлар ва ҳуқуқни ҳимоя қилиш органлари ходимлари етиб борган. Ҳозирда суриштирув ишлари давом этмоқда”, дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 30 июль куни Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудидан ўтган Бадай ва Беруний станциялари ўртасидаги 592-километрда қўриқланмаган темирйўл кесишмасида юк машинаси ҳамда поезд тўқнашиб кетган эди.