Жиноят ишлари бўйича Оҳангарон шаҳар судида 18 ёшли Б.О. исмли йигитга нисбатан суд ҳукми эълон қилинди. У ўзига тегишли Instagram саҳифаси орқали президент тасвири остига ҳақоратли изоҳ қолдиргани учун жавобгарликка тортилди.
Судда аниқланишича, йигитнинг ёзган изоҳи бўйича суд-тилшунослик ва сиёсатшунослик экспертизаси ўтказилган ва унда давлат раҳбарининг шаъни ва обрўйини камситувчи фикрлар борлиги аниқланган.
Суд мажлисида у айбини тан олиб, изоҳни “оқибатини ўйламасдан” ёзганини айтган.
Суд уни Жиноят кодексининг 158-моддаси 3-қисми (Ўзбекистон Президентининг шаънига тажовуз қилиш) билан айбдор деб топиб, 2 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинлади.